Ихлос ҳақида (Ўн Еттинчи Ёғдунинг Ўн Еттинчи Мулоҳазасининг етти масаласидан Тўртинчи Масаласи экан, ихлос муносабати билан Йигирманчи Ёғдунинг Иккинчи Нуқтаси бўлди. Нурониятига биноан Йигирма Биринчи Ёғду бўлиб Ёғдуларга кирди.) Бу Ёғду лоақал хар ўн беш кунда бир марта ўқилиши керак. بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ وَلَا تَنَازَعُوا فَتَف۟شَلُوا وَ تَذ۟هَبَ رٖيحُكُم۟ وَ قُومُوا لِلّٰهِ قَانِتٖينَ قَد۟ اَف۟لَحَ مَن۟ زَكّٰيهَا وَ قَد۟ خَابَ مَن۟ دَسّٰيهَا وَلَا تَش۟تَرُوا بِاٰيَاتٖى ثَمَنًا قَلٖيلًا Эй қиёматли қардошларим ва эй Қуръон хизматида биродарларим! Биласиз ва билингизки: Бу дунёда, хусусан охиратга оид хизматларда энг муҳим асос, энг буюк қувват, энг мақбул шафоатчи, энг маҳкам таянч нуқтаси, ҳақиқатнинг энг қисқа йўли, энг мақбул маънавий дуо, мақсадларнинг энг кароматли воситаси, энг юксак хислат, энг соф убудият (қуллик) ихлосдир. Модомики ихлосда мазкур хоссалар каби кўп нурлар ва кўп қувватлар бор экан, модомики бу мудҳиш даврда, даҳшатли душманлар ва шиддатли тазйиқлар қаршисида, босқинчи бидъатлар ва залолатлар ичида бизлар жуда кам, заиф, фақир ва қувватсиз ҳолимизда, елкамизга ғоят оғир, буюк, умумий ва муқаддас иймоний вазифа ва Қуръон хизмати Аллоҳнинг эҳсони тарафидан қўйилган экан, албатта, ҳаммадан кўра кўпроқ бутун кучимиз билан ихлосни қозонишга мажбурмиз, бу вазифани ва ихлоснинг сиррини ўзлаштиришга жуда қаттиқ муҳтожмиз. Йўқса, ҳам ҳозиргача қозонган муқаддас хизматимиз қисман йўқолади, давом етмайди, ҳам қаттиқ жавобгар бўламиз. وَلَا تَشْتَرُوا بِاٰيَاتٖى ثَمَنًا قَلٖيلً оятидаги Аллоҳнинг қаттиқ наҳйига учраб, абадий саодатли ҳаётимиз зарарига баъзи маъносиз, кераксиз, зарарли, қайғули, ўзини мақтовчи, хунук, иккиюзламачи паст ҳислар ва кичик манфаатлар учун, ихлосни йўқотиб ҳам бу хизматдаги умум қардошларимизнинг ҳуқуқига тажовуз қилган, ҳам Қуръоний хизматга ҳужум ҳам иймон ҳақиқатларининг муқаддаслигига ҳурматсизлик қилган бўламиз. Эй қардошларим! Муҳим ва буюк хайрли ишларнинг зарарли, монеълари кўп бўлади. Шайтонлар бу хизматнинг ходимлари билан кўп шуғулланади. Бу монеъларга ва бу шайтонларга қарши ихлос кучига таяниш керак. Ихлосни йўқотадиган сабаблардан илондан, чаёндан қочгандек қочинг. Ҳазрати Юсуф Алайҳиссалом اِنَّ النَّفْسَ لَاَمَّارَةٌ بِالسُّٓوءِ اِلَّا مَا رَحِمَ رَبّٖى деганларидек, нафси амморага ишониб бўлмайди. Аноният (менлик) ва нафси аммора сизни алдаб қўймасин. Ихлосни қозониш ва муҳофаза қилиш ва монеъларни даф қилиш учун қуйидаги дастурлар раҳбарингиз бўлсин.
Source text is preserved. When a suitable model is available, translation is displayed separately.
İhlas Risalesi
The Twenty-First Gleam
Амалингизда Аллоҳнинг розилиги бўлиши керак. Агар У рози бўлса, бутун дунё ранжиса ҳам аҳамияти йўқ. Агар У қабул қилса, ҳамма одамлар рад қилса ҳам, таъсири йўқ. У рози бўлгандан ва қабул қилгандан сўнг, истаса ва ҳикмати тақозо қилса, сизлар истамаган бўлсангиз ҳам, одамларга ҳам қабул қилдиради, уларни ҳам рози қилади. Шунинг учун, бу хизматда тўғридан-тўғри фақат Жаноби Ҳақнинг розилигини асос мақсад қилиш керак.
Ушбу Қуръон хизматида бўлган қардошларингизни танқид қилмаслик ва улардан ўзини фазилатлироқ деб, ҳасад ҳиссини қўзғатмаслик керак. Чунки, инсоннинг бир қўли кейинги қўли билан рақобат қилмайди, бир кўзи бошқа кўзини танқид қилмайди, тили қулоғига эътироз билдирмайди, қалб руҳнинг айбини кўрмайди. Балки бир-бирининг нуқсонини тўлдиради, камчилигини беркитади, эҳтиёжига ёрдам беради, вазифасига кўмаклашади. Бўлмаса инсон баданининг ҳаёти сўнади, руҳи қочади, жисми ҳам нурайди. Яна бир фабриканинг чархлари бир-бири билан рақобат қилмайди, бир-бирининг олдига ўтиб ҳукмини ўтказмайди, бир-бирининг айбини кўриб танқид қилиб меҳнат қилиш шавқини синдириб, фаолиятини тўхтатишга мажбур қилмайди. Балки барча аъзолар истеъдодлари билан, бир-бирининг ҳаракатини умумий мақсадга қаратиш учун ёрдам беради, ҳақиқий ҳамжиҳатлик, бирлашиб яратилиш ғояси сари юришади. Агар зарра миқдор тажовуз, босим ўтказиш қўшилса, фабрикани тартибсизликка учратади, натижасиз-самарасиз қолдиради. Фабрика соҳиби ҳам фабрикани бутунлай бузиб ташлайди. Эй Рисола-и Нур шогирдлари ва Қуръон хизматкорлари! Сиз ва бизлар шундай инсони комил исмига лойиқ бир маънавий шахснинг аъзоларимиз. Ва абадий ҳаёт ичидаги абадий саодатни самара берадиган фабриканинг чархлари ҳисобланамиз. Ва уммати Муҳаммадийни (А.С.В.) соҳили саломат бўлган Дорус Саломга чиқарган Раббоний кемада ишлайдиган хизматчилармиз. Албатта, тўрт кишидан иборат бир минг бир юз ўн бир бўлган маънавий кучни таъминлайдиган ихлос сиррини қозониш орқали, ҳамжиҳатлик ва ҳақиқий бирлашишга муҳтожмиз ва мажбурмиз. Уч алиф бирлашмаса, уч қийматида бўлади. Сон сифатида ёнма-ён туриб бирлашcа, бир юз ўн бир қийматини олади. Тўрт карра тўрт алоҳида-алоҳида бўлса, ўн олти қийматига эга. Агар қардошлик сирри ва мақсадда бирлашиш ва вазифада иттифоқ билан тенг туриб бир чизиқ устида елкани елкага берса, тўрт минг тўрт юз қирқ тўрт қувватида ва қийматида бўлади. Ҳақиқий ихлос сирри билан, ўн олтита фидокор қардошларнинг маънавий куч ва қиймати тўрт мингдан ортишига жуда кўп тарихий воқеалар гувоҳлик қилади. Бу сирнинг сирри шуки, ҳақиқий, самимий иттифоқда хар бир киши бошқа қардошларнинг кўзи билан ҳам қарайди ва қулоқлари билан ҳам эшитади. Гўё ўн ҳақиқий бирлашган одамнинг хар бири йигирмата кўз билан қарайдиган, ўнта ақл билан ўйлайдиган, йигирмата қулоқ билан эшитадиган, йигирмата қўл билан ишлайдиган маънавий қиймат ва кучи бор.
Барча кучингизни ихлосда ва ҳақда деб билишингиз керак. Ҳа, куч ҳақдадир ва ихлосдадир. Ҳақсизлар ҳам, ҳақсизликлари ичида кўрсатган ихлос ва самимиятлари туфайли куч қозонади. Ҳа, куч ҳақда ва ихлосда эканига бир далил, шу хизматимиз. Бу хизматимизда озгина ихлос бу даъвони исбот қилади ва ўзи ўзига далил бўлади. Чунки ўз юртимда ва Истанбулда қилган йигирма йилдан ортиқ илмий ва диний хизматимизга муқобил, бу ерда сиз билан етти-саккиз йилда юз даража кўпроқ хизмат қилинди. Холбуки, ўз мамлакатимда ва Истанбулда бу ерда мен билан хизмат қилган қардошларимдан юз, балки минг марта кўп ёрдамчиларим бўлган бўлсада, бу ерда мен ёлғиз, ҳеч кими йўқ, ғариб, яхши ёзишни билмайдиган, инсофсиз ходимларнинг назорати ва тазйиқлари остида етти-саккиз йил сизлар билан қилган хизматимиз, юз даража эски хизматдан кўра кўпроқ муваффақият қозонган маънавий куч, сизлардаги ихлосдан келганига қатъиян шубҳам қолмади. Яна эътироф қиламанки, самимий ихлосингиз билан, мени шон ва шараф пардаси остида нафсимни эркалаган риёдан бир даража қутқардингиз. Иншоаллоҳ, чинакам ихлосга муваффақ бўласиз, мени ҳам чинакам ихлосга йўллайсиз. Биласизки, Ҳазрати Али (Р.А.) мўъжизали каромати билан ва Ҳазрати Ғавси Аъзам (Қ.С.) ҳайратланарли ғайбий каромати билан, сизларга ихлос сиррига биноан илтифот қилмоқдалар. Ҳимоя қилиб, тасалли бериб, хизматингизни маънан олқишламоқдалар. Ҳа, ҳеч шубҳангиз бўлмасин, бу эътиборлари ихлосга биноан келади. Агар билиб туриб ушбу ихлосни бузсангиз, улардан таъзир ейсиз. Ўнинчи Ёғдудаги шафқат таъзирларини эсланглар. Бундай маънавий қаҳрамонларни орқангизда таянч, бошингизда устоз сифатида кўришни истасангиз وَ يُؤْثِرُونَ عَلٰٓى اَنْفُسِهِمْ сирри билан чинакам ихлосни қозонинглар. Шарафда, мақомда, эътиборда, ҳатто моддий манфаат каби нафсга ёқадиган нарсаларда қардошларингизнинг нафсларини ўз нафсингиздан устун қўйинглар. Ҳатто энг латиф ва гўзал бир иймоний ҳақиқатни муҳтож бир мўминга билдиришдек энг маъсум, зарарсиз бир манфаатда, мумкин бўлса, нафсингизга худбинлик келмаслиги учун, сиз хоҳламаган бир дўстингиз орқали бажартириш сизга ёқсин. Агар "Мен савоб қозонай, бу гўзал масалани мен айтай", деган истагингиз бўлса, гарчи унда гуноҳ ва зарар бўлмаса ҳам, лекин орангиздаги ихлос сиррига зарар келиши мумкин.
Қардошингизнинг устун жиҳатларини шахсингизда ва фазилатларини ўзингизда тасаввур қилиб, уларнинг шарафлари билан шукр билан ифтихор қилиш. Аҳли тасаввуфда "фано фиш шайх, фано фир расул" таъбирлари бор. Мен сўфий эмасман. Лекин уларнинг бу дастури бизнинг йўлимизда "фано фил ихвон" суратида гўзал дастур ҳисобланади. Қардошлар орасида бунга "тафоний" дейилади. Яъни, бир-бирида фоний бўлишдир. Яъни, ўз нафсоний ҳиссиётини унутиб, қардошларининг устун жиҳатлари ва ҳиссиёти билан фикран яшамоқдир. Зотан, йўлимизнинг асоси қардошликдир. Ота билан ўғил, шайх билан мурид ораларидаги восита эмас. Балки ҳақиқий қардошлик воситаларидир. Жуда нари борса, бир устозлик ўртага киради. Йўлимиз "Халилия" бўлгани учун, йўналишимиз "хиллат"дир. Хиллат – энг яқин дўст, энг фидокор биродар, энг гўзал тақдир қилувчи йўлдош ва энг мард қардош бўлишни тақозо қилади. Хиллатнинг тамал асоси – самимий ихлосдир. Самимий ихлосни кетказган одам, хиллатнинг жуда юксак минораси устидан қулайди. Ўта чуқур чоҳга тушиш эҳтимоли бор. Ўртада тутадиган ер топа олмайди. Икки йўл кўринмоқда. Ҳозир Қуръоннинг катта йўли бўлмиш ушбу йўлимиздан чиққанлар, бизга душман бўлган динсизлик кучига билмасдан ёрдам беришлари эҳтимоли бор. Иншоаллоҳ, Рисола-и Нур йўли билан Қуръони Мўъжизул Баённинг муқаддас доирасига кирганлар доимо нурга, ихлосга, иймонга қувват беради ва ундай чоҳларга тушмайди. Эй Қуръон хизматида биродарларим! Ихлосни қозонишнинг ва муҳофаза қилишнинг энг таъсирли бир йўли – ўлимни хар он эслашдир. Ҳа, ихлосга зиён етказган, риёга ва дунёга чорлаган нарса узундан узун орзулар бўлгани каби, риёдан нафрат қилдирган ва ихлосни қозонтирган нарса – робита-и мавтдир. Яъни, ўлимини ўйлаб, дунёнинг фонийлигини мулоҳаза қилиб, нафснинг ҳийлаларидан қутулишдир. Аҳли тариқат ва аҳли ҳақиқат Қуръони Ҳакимнинг كُلُّ نَفْسٍ ذَٓائِقَةُ الْمَوْتِ ۞ اِنَّكَ مَيِّتٌ وَاِنَّهُمْ مَيِّتُونَ каби оятларидан олган дарслари билан, робита-и мавтни йўлларида асос тутганлар. Узундан узун орзуларнинг манбаи бўлган абадий дунёда қолиш фикрини ўша робита орқали йўқотишган. Улар фаразий ва хаёлий суратда ўзларини ўлгандек тасаввур ва ҳаёл қилиб, ювилаётганини, қабрга қўйилаётганини фараз қилиб, кўп ўйлаши натижасида нафси аммора ўша ҳаёл ва тасаввурдан таъсирланиб, узун орзуларидан бир даража воз кечган. Бу робитанинг фойдалари жуда кўп. Ҳадисда اَكْثِرُوا ذِكْرَ هَادِمِ اللَّذَّاتِ –اَوْ كَمَا قَالَ- яъни: "Лаззатларни бузиб аччиқлаштирган ўлимни кўп зикр қилинглар!" деб ушбу робитани дарс беради. Лекин йўлимиз тариқат бўлмагани, балки ҳақиқат бўлгани учун, бу робитани аҳли тариқат каби фаразий ва ҳаёлий суратда татбиқ қилишга мажбур эмасмиз. Ҳақиқат йўлига ҳам уйғун келмайди. Балки оқибатни ўйлаб, келажакни ҳозирги замонга келтириш эмас, балки ҳақиқат нуқтасида ҳозирги замондан келажакка фикран бориш, назаран қарашдир. Инсон ҳеч қандай ҳаёлга, фаразга эҳтиёж қолмасдан, бу қисқа умр дарахтининг учидаги ёлғиз меваси бўлган ўз ўлимига қарай олади. Ўз шахсининг ўлимини кўргани каби, бир оз олдинроққа борса, асрининг ўлимини ҳам кўради. Яна бир оз олдинга борса, дунёнинг ўлимини ҳам кузатади, мукаммал ихлосни қозонишга йўл очади. Иккинчи Сабаб: Таҳқиқий иймон кучи билан ва маърифати Сонеъни натижа берган санъатли асарлардаги иймоний тафаккурдан келган ёғдулар билан бир нави ҳузур қозониб, Холиқи Раҳиймнинг ҳозир ва нозир эканини фирклаб, Ундан бошқасининг эътиборини қидирмасдан, ҳузурида бошқаларга қараш, мадад қидириш ўша ҳузурнинг адабига мухолиф эканини ўйлаш орқали риёдан қутулиб ихлосни қозонади. Нима бўлганда ҳам. Бунда кўп даражалар, мартабалар бор. Ҳамма ўз ҳиссасига кўра қанчалик истифода қила олса, шунчалик фойда. Рисола-и Нурда риёдан қутқарадиган, ихлосни қозонтирадиган кўп ҳақиқатлар зикр қилингани учун унга ҳавола қилиб, бу ерда тугатамиз. Ихлосни кетказадиган ва риёга чорлаган жуда кўп сабаблардан икки-учтасини қисқача баён қиламиз. Биринчиси: Моддий манфаат жиҳатидан келган рақобат аста-секин ихлосни кетказади. Хизматнинг натижасига зарар етказади. Моддий манфаатни ҳам қочиради. Бу миллат ҳақиқат ва охират учун хизмат қилганларни доим ҳурмат қилган ва ёрдам бериш фикрида бўлган. Амалда уларнинг ҳақиқий ихлосларига ва садоқатли хизматларига бир жиҳатда иштирок этиш ниятида, уларнинг моддий эҳтиёжларини таъминлаш билан машғул бўлиб, вақтларини зое кетказмаслик учун, садақа ва ҳадя каби моддий манфаатлар билан ёрдам бериб, ҳурмат кўрсатган. Лекин бу кўмак ва манфаат исталмайди, балки берилади. Яна, қалбан кутиб, ҳол тили билан ҳам исталмайди, балки кутмаган ҳолида берилади. Бўлмаса ихлоси бузилади. Яна, وَلَا تَشْتَرُوا بِاٰيَاتٖى ثَمَنًا قَلٖيلًا оятининг таъқиқига яқинлашади, амали қисман ёнади. Бу моддий манфаатни истаб мунтазир бўлиш орқали нафси аммора худбинлиги боис, ўша манфаат бошқасига тегмаслиги учун, ҳақиқий қардошига ва хусусий хизматдаги биродарига қарши рақобат ҳиссини уйғотади. Ихлоси бузилади, хизматда муқаддасликни йўқотади. Аҳли ҳақиқат назарида хунук вазиятга тушади. Моддий манфаатни ҳам йўқотади. Нима бўлганда ҳам. Гапираман деса гап кўп. Гапни чўзмасдан, фақат ҳақиқий қардошларимнинг ичида ихлос сиррини ва самимий иттифоқни кучайтирадиган икки мисол айтаман. Биринчи Мисол: Аҳли дунё, катта бойлик ва қаттиқ кучни қўлга киритиш учун, ҳатто бир қисм сиёсатчилар, башарият ижтимоий ҳаётининг муҳим ижрочилари ва қўмиталари молиявий шериклик дастурини ўзларига раҳбар қилишган. Барча суиистеъмоллар ва зарарлари билан бирга, ҳайратланарли куч ва манфаатни қўлга киритишмоқда. Холбуки молиявий шерикликнинг кўп зарарлари билан бирга, шериклик билан моҳияти ўзгармайди. Хар бири барчани гарчи бир жиҳатда ва назорат қила олса ҳам, фойдалана олмайди. Нима бўлганда ҳам. Бу молиявий шериклик дастури охиратга оид ишларга кирса, зарарсиз улкан манфаатга сабаб бўлади. Чунки барча мол-мулк иштирок этган хар бир кишининг қўлига батамом тушади. Бунинг сиррини мужассам қилган. Чунки, тўрт-беш одам шериклик ниятида бири керасин, бири пилик, бири чироқ, бири шиша, бири гугурт келтириб чироқни ёқишса, хар бири бутун бир чироққа эга бўлади. Иштирокчиларнинг хар бирининг ҳонасида катта ойнаси бўлса, хар бир кишининг хона билан бирга ойнасига алоҳида чироқ бўлинмасдан нуқсонсиз киради. Айнан шунинг каби, охиратга оид ишларда ихлос сирри билан шериклик ва қардошлик сирри билан ҳамжиҳатлик ва иттиҳод сирри билан ҳамкорлик қилиш, амаллардаги шерикликдан ҳосил бўлган бутун натижа ва умум нур хар бир кишининг амаллар дафтарига бутунлай ёзилади. Бу аҳли ҳақиқат ичида кўрилган ва содир бўлган. Аллоҳнинг карамининг ва раҳмати кенглигининг тақозосидир. Эй қардошларим! Сизларни иншоаллоҳ моддий манфаат рақобатга олиб бормайди. Лекин охират манфаати нуқтасида бир қисм аҳли тариқат алданганлари каби, сиз ҳам алданишингиз мумкин. Аммо шахсий, оз бир савоб қаерда-ю, мазкур мисол ҳукмидаги амаллардаги шериклик нуқтасида намоён бўлган савоб ва нур қаерда?! Иккинчи Мисол: Ишлаб чиқарувчилар ишнинг унумдорлигини ошириш учун, ҳамкорликда ишлаб улкан бойлик қўлга киритмоқда. Аввалда тикув игналари ясайдиган ўнта одам алоҳида-алоҳида ишлашган. Якка меҳнатнинг натижасида кунига бор-йўғи учта игна ишлаб чиқаришган. Сўнг ҳамкорлик дастури билан ўнта одам бирлашган. Бири темир келтирган, бири ўчоққа ўт қалаган, бири тешик очган, бири ўчоққа тиққан, бири учини чархлаган ва ҳоказо хар бири игна ясаш санъатида фақат битта махсус иш қилгани учун, шуғулланган иши содда бўлганидан, вақт зое бўлмасдан, ўша ишда малака қозониб, ғоят тезлик билан вазифасини бажарган. Сўнг ҳамкорлик ва ишни тақсимлаш дастури билан ишнинг натижасини тақсимлаганлар. Хар бирига бир кунда уч игна ўрнига уч юз игна тўғри келганини кўришган. Бу жараён аҳли дунё ишлаб чиқарувчилари орасида, уларни ҳамкорлик қилишга чорлаш учун тилларида достон бўлган. Эй қардошларим! Модомики дунёвий ишларда, моддий нарсаларда бирлашиш, иттифоқ орқали натижалар улкан фойдалар берара экан, ажабо, охиратга оид ва нуроний ва бўлиниш ҳамда тақсимланишга муҳтож бўлмаган бутун нур Аллоҳнинг фазли билан хар бирининг ойнасига акс этиши ва хар бири ҳамма қозонгани мислича савобга соҳиб бўлиш, қанчалик буюк фойда эканини қиёс қилинг. Бу улкан фойда рақобат ва ихлоссизлик билан қўлдан чиқарилмаслиги керак. Ихлосни кетказадиган иккинчи монеъ: Мансабсеварликдан келган шуҳратпарастлик турткиси билан ва шон-шараф пардаси остида одамлар эътиборини қозониш, назарини ўзига жалб қилиш билан манмансирашга йўл очиш ва нафси амморага мақом бериш ҳисобланади. Бу энг муҳим руҳий касаллик бўлгани каби, "яширин ширк" дейилган риёкорликка, мақтанчоқликка эшик очади, ихлосга зиён етказади. Эй қардошларим! Қуръони Ҳакимнинг хизматидаги хизматимиз ҳақиқат ва қардошлик бўлгани ва қардошликнинг сирри, шахсиятини қардошлар ичида фоний қилиб , уларнинг нафсларини ўз нафсидан устун қўйиш керак бўлгани учун, ўртамизда бу турдаги мансабсеварликдан келган рақобат таъсир қилмаслиги керак. Чунки йўлимизга буткул зиддир. Модомики қардошларнинг шарафи умумий бўлиб, хар бир кишига оид бўлиши мумкин. Мен умид қиламанки, Рисола-и Нур шогирдлари буюк маънавий шарафни шахсий, риёкорона, рақобаткорона, арзимас шараф ва шуҳратга фидо қилишдан юз даража узоқдирлар. Рисола-и Нур шогирдларининг қалби, ақли, руҳи бундай тубан, зарарли, паст нарсаларга тубанлашмайди. Лекин хар кимда нафси аммора бор. Баъзан эса нафсоний ҳиссиётлар туйғуларга таъсир қилади. Бир даража ҳукмини қалб, ақл ва руҳнинг истакларига қарши ижро қилади. Сизларнинг қалб ва руҳ ва ақлингизни айбламайман. Рисола-и Нур берган таъсирга биноан сизларга ишонаман. Лекин нафс ва ҳаво ва ҳис ва ваҳима баъзан алдайди. Шунинг учун, баъзан шиддатли огоҳлантириласиз. Бу шиддат – нафс, ҳаво, ҳис ва ваҳимага қарайди, эҳтиётли ҳаракат қилинглар. Агар йўлимиз шайхлик бўлса эди, мақом битта бўларди ёхуд саноқли мақомлар бўларди. Ўша мақомга кўплаб истеъдодлар номзод бўлар эди. Ҳасад билан бир худбинлик бўлиши мумкин эди. Бироқ йўлимиз қардошликдир. Қардош қардошга ота бўлмайди, муршид ҳолатида бўлмайди. Қардошликдаги мақом кенг. Ҳасад билан бир-бирга азият беришга сабаб бўлмаслиги керак. Нари борса, қардош қардошга ёрдамчи ва таянч бўлади, хизматини тўлдиради. Оталик, муршидлик йўлларидаги ҳасад билан савоб ҳирси ва юксак ҳиммат жиҳатидан жуда зарарли ва хатарли натижалар вужудга келганига далил шуки аҳли тариқатнинг шунчалар муҳим ва азим камолотлари ва манфаатлари ичида ихтилофлар ва рақобат натижасида қўрқинчли натижалар бўлиб, уларнинг у азим, муқаддас қувватлари бидъат шамолларига қарши дош бера олмаяпти. Учинчи монеъ: Қўрқув ва тамаъдир. Бу монеъ бошқа бир қисм монеълар билан бирга "Ҳужумоти Ситта"да тўлиқ изоҳ қилингани учун унга ҳавола қилиб, Жаноби Арҳамурроҳиминдан барча Асмо-и Ҳуснасини шафоатчи қилиб ниёз қиламизки: "Бизларни чинаккам ихлосга муваффақ айласин... Омийн..." اَللّٰهُمَّ بِحَقِّ سُورَةِ ال۟اِخ۟لَاصِ اِج۟عَل۟نَا مِن۟ عِبَادِكَ ال۟مُخ۟لِصٖينَ ال۟مُخ۟لَصٖينَ اٰمٖينَ اٰمٖينَ سُب۟حَانَكَ لَا عِل۟مَ لَنَٓا اِلَّا مَا عَلَّم۟تَنَٓا اِنَّكَ اَن۟تَ ال۟عَلٖيمُ ال۟حَكٖيمُ

