Sözler

The Twenty-Third Word

Source: risaleinur multilingual dataset, risale.site source · Risale-Nur multilingual research corpus
Risale reading plan
§1

Бу сўз икки бўлимдан иборат بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ لَقَد۟ خَلَق۟نَا ال۟اِن۟سَانَ فٖٓى اَح۟سَنِ تَق۟وٖيمٍ ۝ ثُمَّ رَدَد۟نَاهُ اَس۟فَلَ سَافِلٖينَ ۝ اِلَّا الَّذٖينَ اٰمَنُوا وَ عَمِلُوا الصَّالِحَاتِ

§2

Бу қисмда иймоннинг мингларча яхшиликларидан фақат бештасини "Беш нуқта" ичида баён қиламиз.

§3

Инсон иймон нури билан энг юксак даражага, аълойи иллийинга чиқади – Жаннатга лойиқ бир қиймат олади. Ва куфр зулмати билан энг тубан даражага – асфали софилийнга тушади, Жаҳаннам аҳлидан бўладиган бир вазиятга киради. Чунки иймон – инсонни барча нарсани санъат билан яратган буюклик соҳиби Сонеъи Зулжалолига боғлайди. Иймон бир боғланишдир. Иймон орқали инсонда кўринган Аллоҳнинг санъати ва Исмларнинг нақшлари акс этади. Унинг қиймати шу билан ўлчанади. Куфр эса боғланишни кесади. Натижада Раббоний санъат кўринмай қолади. Қиймати эса фақатгина моддий томони билангина ўлчанади. Моддий жиҳат эса фоний, ўткинчи ва вақтинчалик ҳайвоний ҳаётдан иборат бўлгани учун қиймати йўқ ҳисобидадир. Бу сирни бир мисол орқали баён қиламиз. Масалан, инсонларнинг санъат асарлари ичида модданинг қиймати билан қўл санъатнинг қиймати турлича бўлади. Баъзан иккаласининг қиймати тенг, баъзан модданинг қиймати кўпроқ бўлади. Баъзан беш тийинлик темирдаги қўл санъати беш сўмга баҳоланади. Айни чоғда, баъзан антиқа бўлган санъат асари бир миллионлик қийматни олсада, моддаси беш тийинга ҳам арзимайди. Шундай антиқа бир санъатни осори атиқалар бозорига олиб борилса ва донғи кетган эски ҳунарманд устага боғлаб машҳур қилинса, бир миллионлик нархга сотилади. Агар ўша мол темир терсак бозорига олиб борилса, беш тийинлик темир нархида олиниши мумкин. Инсон ҳам, Жаноби Ҳақ – Аллоҳнинг шундай антиқа бир санъат асаридир. Ва қудратининг энг нозик ва нозанин мўъжизаси бўлиб, инсонни бутун Исмларининг жилвасига сазовор ва нақшларини кўрсатишга восита ва коинотнинг кичик намунаси суратида яратган. Агар унинг ичига иймон нури кирса, сиртидаги бутун маънодор нақшлар ўша нур орқали ўқилади. У мўъмин ўша нақшларни онгли тарзда ўқийди ва у боғланиш орқали бошқаларга ҳам ўқитади. Яъни, "Яратувчи – Сонеъи Зулжалолнинг санъат асариман, махлуқиман, раҳмат ва карамига сазоворман", каби маънолар билан инсондаги Раббоний санъат намоён бўлади. Демак, Яратувчига боғланишдан иборат бўлган иймон, инсондаги бутун санъат асарларини кўрсатади. Инсоннинг қиймати ушбу Раббоний санъатга кўра белгиланади. Бу эса инсонни беҳожат бўлган Аллоҳга ойна бўлиши орқали амалга ошади. Шундай қилиб аҳамиятсиз инсон бутун мавжудот орасида Аллоҳга суҳбатдош ва Раббисининг Жаннатга лойиқ бир меҳмонига айланади. Аллоҳга боғланишни узадиган куфр, инсоннинг ичига кирганда эса, маъноли Илоҳий Исмларнинг нақшлари кўринмайди, ўқилмай қолади. Чунки, Яратувчи унутилса, Унга юзланган маънавий жиҳатлар ҳам тушунарсиз бўлиб қолади. Гўё ҳамма нарса аксига айланади. Маъноли олий санъат ва нақшларнинг кўпчилиги яширинади. Қолган кўз билан кўринган қисми эса тубан сабаблар, табиат ва тасодифлардан деб билинади, ўта паст даражага юшади. Хар бири порлоқ олмос каби бўлган Илоҳий санъатлар хира шишага айланиб, аҳамияти фақат ҳайвоний жисмгагина тегишли бўлиб қолади. Жисмнинг моҳияти ва натижаси эса, айтиб ўтганимиздек, қисқа бир умрда ҳайвонотнинг энг ожизи, энг муҳтожи ва энг қайғулиси сифатида фақат чекланган бир ҳаёт кечиришдан иборат бўлиб қолади. Сўнг бузилиб чириб кетади. Демак куфр инсоний моҳиятни йўққа чиқариб, олмосни кўмирга айлантиради.

§4

Иймон, инсонни ёритган шундай нурки, устида битилган барча Самадоний мактубларини ўқитади. Шунингдек, коинотни ҳам ёритади. Ўтмиш ва келажакни зулматдан қутқаради. Бу сирни бир воқеъада اَللّهُ وَلِىُّ الَّذِينَ آمَنُوا يُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ اِلَى النُّورِ ояти каримасининг бир сирига тегишли мисол билан баён қиламиз: Бир хаёлий воқеада бир-бирига қараган икки юксак тоғни кўрдим. Уларнинг ўртасида даҳшатли бир кўприк қурилган. Кўприкнинг остида жуда чуқур бир жарлик бор. Мен кўприкнинг устидаман. Хар тарафи қоронғулик, зимистон зулмат дунёни қоплаган эди. Ўнг тарафимга қарадим – чексиз зулмат ичида катта мозорни кўрдим яъни, хаёл этдим. Чап тарафимга қарадим– дахшатли зулмат тўлқинлари ичида улкан тўфонлар, ташвишлар, балою офатлар тайёрлаб қўйилганини кўргандай бўлдим. Кўприкнинг тагига қарадим – ўта чуқур бир жарлик кўряпман деб ўйладим. Бу мудҳиш зулматга қарши хира ёнадиган чўнтак чироғим бор эди. Ундан фойдаландим. Унинг ярим-ёрти ёруғида қарадим. Шунда жуда мудҳиш ҳолат кўринди. Ҳаттоки, ёнимдаги кўприкнинг бошида ва атрофида шундай қўрқинчли аждарҳолар, арслонлар, йиртқичлар кўриндики, “кошки шу чироғим бўлмаса эди, бу дахшатларни кўрмасайдим”, дедим. У чироқни қай тарафга бурсам, шундай даҳшатлар кўрдим. "Эй воҳ! Бу чироқ бошимга бало бўлди", дедим. Унга жаҳл қилдим. Ва уни ерга урдим, синдирдим. У цинган заҳоти, гўё дунёни ёритган улкан электр чироғининг тугмасига тегиб кетгандек бўлдим, бирдан зулмат тарқалди. Хар тараф чироқнинг нурига тўлди. Ҳамма нарсанинг ҳақиқатини кўрсатди. Қарасам, кўрган кўпригим жуда тартибли, текисликдаги бир кенг йўл экан. Ўнг тарафимда кўрган катта мозор эса, бошдан-охиригача гўзал, яшил боғчалар билан, нуроний инсонларнинг бошчилигида ибодат, хизмат, суҳбат ва зикр мажлислари эканини кўрдим. Чап тарафимдаги тўфонли, ташвишли деб ўйлаган чўққилар, тепаликлар эса зийнатли, севимли, жозибадор тоғларнинг орқасида азим бир зиёфатгоҳ, гўзал бир сайлгоҳ, юксак сайргоҳ эканини ҳаёлан кўрдим. Дахшатли йиртқичлар, аждарҳолар деб ўйлаган махлуқлар эса баракали туя, ҳўкиз, қўй, эчки каби уй ҳайвонлари эканини кўрдим. “Алҳамдулиллаҳи аъла нури ийман” деб اَللّهُ وَلِىُّ الَّذِينَ آمَنُوا يُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ اِلَى النُّورِ ояти каримасини ўқидим, бу воқеадан ўзимга келдим. Икки тоғ эса ҳаётнинг бошланиши ва ниҳояси, яъни бу дунё ва қабр (барзоҳ) оламидир. Кўприк эса ҳаёт йўлидир. Ўнг тараф ўтмиш замон. Чап тараф эса келажакдир. Чўнтак чироғи эса худбин ва билганига суянган ва самовий ваҳийни тингламаган инсоннинг “МЕН”лигидир. Йиртқичлар деб ўйлаган ҳайвонлар олам ҳодисалари ва ажиб махлуқларидир. “МЕН”лигига ишонган, ғафлат зулматига тушган, залолат қоронғусига мубтало бўлган одам бу воқеадаги аввалги ҳолимга ўхшайди. Чўнтак чироғи ҳисобланган нуқсонли ва залолатли маълумот орқали ўтмишни катта мозор суратида ва йўқликка маҳкум зулмат ичида кўрмоқда. Келажакни эса ўта тўфонли ва тасодифга боғлиқ дахшатли жой қилиб кўрсатади. Хар бири ҳикматли ва меҳрибон – Ҳакийми Раҳиймнинг бўйсунган ходимлари ҳисобланган ҳодисалар ва мавжудотни зараркунанда йиртқичлар қилиб кўрсатади. وَالَّذِينَ كَفَرُوا اَوْلِيَاؤُهُمُ الطَّاغُوتُ يُخْرِجُونَهُمْ مِنَ النُّورِ اِلَى الظُّلُمَاتِ оятининг аянчли таърифига дучор қилади. Агар Илоҳий ҳидоятга етишса, қалбига иймон кирса, нафснинг фиръавнлиги синса, Аллоҳнинг китобини тингласа, бу воқеадаги иккинчи ҳолатимга ўхшайди. Ўшанда коинот бирдан кундуз рангини олади, Илоҳий нур билан тўлади. Олам اَللّهُ نُورُ السَّموَاتِ وَاْلاَرْضِ оятини ўқийди. Ўтган замон улкан бир мозор сифатида эмас, балки хар бир асрни бир Набийнинг ёки Авлиёнинг бошқаруви остидаги қуллик вазифасини бажо келтирган, ҳаёт вазифаларини тугатиб мусаффо руҳлардан ташкил топган жамоатларнинг "Аллоҳу Акбар" деб олий мақомларга учишларини, истиқбол тарафига ўтишларини қалб кўзи билан кўради. Чап тарафига назар ташлаб, иймон нури билан бу ердан туриб барзоҳ ва охират оламига тегишли тоғлардек баъзи катта ўзгаришларнинг орқасида Жаннат боғларидаги бахтиёрлик саройларида ташкил этилган Раҳмоний зиёфатни кўради. Ва тўфон, зилзила, вабо каби ҳодисаларнинг хар бирини бўйсунган ходим деб билади. Баҳор тўфони ва ёмғир каби ҳодисаларни кўринишидан қалбга озор бергувчи, маънан жуда латиф ҳикматларга тўла деб тафаккур қилади. Ҳатто ўлимни абадий ҳаётнинг муқаддимаси ва қабрни абадий саодат эшиги деб ишонади. Яна бошқа жиҳатларини ўзинг қиёсла. Ҳақиқатни келтирилган мисолларга татбиқ қил...

§5

Иймон ҳам нурдир, ҳам қувватдир. Ҳа, ҳақиқий иймонни қўлга киритган инсон бутун коинотга бас кела олади ва иймоннинг қувватига кўра ҳодисаларнинг тазйиқларидан халос бўлади. "Таваккалту алаллоҳ – Аллоҳга таваккал" деб, ҳаёт кемасида тўлиқ ишонч билан ҳодисаларнинг тоғлардек тўлқинлари ичида сайр этади. Бутун оғирликларини чексиз қудрат соҳиби бўлган Қодийри Мутлақнинг қудрат қўлига топшириб, дунёда роҳатда яшаб ўтади, қабрда дам олади. Сўнг абадий саодат сари Жаннатга учади. Акс ҳолда, таваккал қилмаса, дунёнинг оғирликлари учишга эмас, балки асфали софилийнга тортади. Демак, иймон тавҳидни, тавҳид таслим-итоатни, таслим таваккални тақозо қилади, таваккал икки дунё саодатига эриштиради. Бироқ, янглиш тушунма. Таваккал – сабабларни бутунлай рад қилиш дегани эмас, балки сабабларни Аллоҳнинг қудрат қўлининг пардаси деб, уларга риоя қилиб, сабабларини бажаришни ҳол-ҳаракат дуоси деб қабул қилиб натижани фақат Жаноби Ҳақдан сўраш ва Ундан деб билиш ва Унга миннатдор бўлишдан иборатдир. Таваккал қилган ва қилмаган одамнинг мисоли ушбу ҳикояда айтилади: Бир куни икки одам ҳам белларига, ҳам бошларига оғир юк юклаб, катта кемага чипта олиб чиқишди. Бири кирар кирмас юкини кемага қўйиб, устига ўтириб атрофни томоша қила бошлади. Наригиси ҳам аҳмоқ, ҳам мағрур бўлгани учун юкини ерга қўймади. Унга: "Оғир юкингни кемага қўйиб, дам олмайсанми?" дейилса, у: "Йўқ, қўймайман. Йўқотиб қўйишим мумкин. Мен кучлиман. Молимни орқамда ва бошимда кўтариб тура оламан", деб жавоб беради. Яна унга: "Султоннинг биз ва сизни кўтариб турган бу ишончли кемаси кучлироқ. Биздан ҳам яхшироқ муҳофаза қилади. Акс ҳолда бошинг айланиб, юкинг билан бирга денгизга қулайсан. Борган сари кучдан ҳам қоласан. Букилган белинг, ақлсиз бошинг тобора оғирлашадиган юкларга тоқат қила олмайди. Кема бошлиғи ҳам, агар сени бу ҳолда кўрса, ё девона деб сени қувиб юборади, ё хоин, кемамизни айбляпти, бизни калака қиляпти, ҳибсга олинсин, деб буйруқ беради. Ҳаммага масхара ҳам бўласан. Чунки эътибор бериб қараб турганлар назарида заифлик нишонаси бўлган манманлигинг билан, ожизлигингни кўрсатган ғуруринг билан, риёни ва хорликни кўрсатган муғомбирлигинг билан халққа кулги бўлдинг. Ҳамма сенинг устингдан куляпти", дейилганидан сўнг у бечоранинг ақли жойига келди. Юкини ерга қўйиб, устига ўтирди. "Оҳ... Аллоҳ сендан рози бўлсин. Заҳматдан, қамоқдан, масхараликдан қутулдим", деди. Эй таваккалсиз инсон! Сен ҳам бу одам каби ақлингни йиғ, бутун коинотга тиланчилик қилишдан, хар бир ҳодиса олдида титрашдан, мақтанчоқликдан, масхара бўлишдан, охират азобидан ва дунёвий тазйиқлар исканжасидан қутулишинг учун таваккал қил.

§6

Иймон инсонни инсон қилади. Балки инсонни султон этади. Шундай экан, инсоннинг асл вазифаси иймон келтириш ва дуо қилишдир. Куфр эса инсонни ўта ожиз жонивор ҳайвон қилади. Бу масаланинг минглаб далиллари бор. Ҳайвон ва инсоннинг дунёга келишидаги фарқлари бу масалага яққол далилдир. Ва қатъий исботдир. Ҳа, одамзот иймон билан инсон бўлади. Инсон билан ҳайвоннинг дунёга келишидаги фарқлари, буни кўрсатади. Чунки ҳайвон худди бошқа оламда етиштирилгандек, истеъдодига кўра мукаммал туғилади, яъни, юборилади. Ё икки соатда, ё икки кунда ёки икки ойда бутун ҳаётий шароитини ўзлаштиради. Коинот билан бўлган муносабатини ва ҳаётининг қонунларини ўрганади, тажрибага эга бўлади. Инсоннинг йигирма йилда эришган ҳаётий тажрибасини ва мустақил фаолиятини чумчуқ ёки ари йигирма кунда ўрганади, яъни унга илҳом билан билдирилади. Демак, ҳайвоннинг асл вазифаси ўрганиш билан ривожланиш эмас, илм маърифатли бўлиб тараққий этиш ҳам эмас, ожизлигини кўрсатиб ёрдам сўраш, дуо қилиш ҳам эмас. Аксинча унинг вазифаси истеъдодига яраша ишлаш, амал қилишдир. Бу уларнинг амалий ибодати ҳисобланади. Инсон эса бу дунёга ҳамма нарсани ўрганишга муҳтож ва ҳаёт қонунларига нисбатан саводсиз ҳолда келади. Ҳатто йигирма йилда ҳам ҳаёт шароитини мукаммал ўргана олмайди. Балки умрининг охиригача ўрганишга муҳтождир. У ғоят ожиз ва заиф ҳолатда дунёга юборилиб, бир-икки йилда зўрға оёққа туради. Ўн беш йилда зўрға фойда ва зарарни ажратишни бошлайди. Жамият ҳаётнинг ёрдами билан унинг манфаатларидан фойдаланиб, зарарлардан сақланади. Демак, инсоннинг ҳақиқий вазифаси таълим олиб, комилликка эришишдир. Дуо билан ибодат қилишдир. Яъни: "Кимнинг марҳамати билан бундай ҳикматли тарзда бошқариляпман? Кимнинг эҳсони орқали меҳр шафқат билан тарбия қилинмоқдаман? Қандай Зотнинг лутфи билан иззат икром билан тўйдирилмоқдаман ва таъминланяпман?" деб билиш ва мингдан бирига ҳам қўли етмаган эҳтиёжларини Қозиюл Ҳожатга – ҳожатбарор Зотга ожизлик ва фақирлик тили билан ёлвориш ва сўраб дуо қилишдир. Яъни, ожизлик ва фақирлик қанотлари билан бандаликнинг олий мартабаларига учишдан иборатдир. Демак, инсон бу дунёга илм олиб дуо қилиш орқали комилликка эришиш учун келган. Ҳамма нарсанинг моҳияти ва истеъдоди илмга боғлиқ ва барча ҳақиқий илмларнинг асоси, кони, нури ва руҳи маърифатуллоҳ – Аллоҳни танишдир. Унинг пойдевори эса Аллоҳга иймондир. Инсоннинг асл фитрий вазифаси иймондан сўнг дуодир. Негаки инсон ниҳоятсиз ожизлиги билан чексиз балою мусибатларга дучор, ҳад-ҳисоби йўқ душманларнинг ҳужумига мубтало ва чексиз фақирлиги билан бирга ниҳоятсиз эҳтиёжларга гирифтор ва туганмас истакларга муҳтождир. Дуо эса ибодатнинг асосидир. Масалан ёш бола қўли етмаган нарсани олиш ёки истаган нарсасига етиш учун ё йиғлайди ёки сўрайди. Яъни ё ҳаракати билан, ёки гапириб ожизлик тили билан дуо қилади. Мақсадига етади. Шунинг каби, инсон ҳам бутун жонзотлар олами ичида нозик, нозанин, ноздор бир ёш бола ҳукмидадир. У Раҳмонур Раҳиймнинг даргоҳига ё заифлик ва ожизлиги билан йиғлаш ёки фақирлик ва эҳтиёжи билан дуо қилиши керак. Шу тариқа орзулари ушалсин ёки унга бўйсундирилганининг шукрини адо этсин. Йўқса, пашшадан доду фарёд қилган аҳмоқ ва ярамас бола каби: "Мен ўз кучим билан бўйсундирилиши мумкин бўлмаган ва ундан минг даража кучли бўлган ажиб нарсаларни, фикр ва тадбирим билан ўзимга бош эгдиряпман", деб нонкўрлик қилиш, инсониятнинг асл фитратига зиддир. Қолаверса ўзини шиддатли азобга лойиқ қилади.

§7

Иймон дуони зарур восита сифатида тақозо қилади. Инсоннинг табиати ҳам дуо қилишни қаттиқ истайди. Жаноби Ҳақ: "Дуоингиз бўлмаса, нима аҳамиятингиз бор?" маъносидаги оятда قُلْ مَا يَعْبَؤُا بِكُمْ رَبِّى لَوْلاَ دُعَاؤُكُمْ деб буюряпти. Яна اُدْعُونِى اَسْتَجِبْ لَكُمْ дея амр қилмоқда. Агар: "Кўп маротаба дуо қиляпмиз, қабул бўлмаяпти. Холбуки, оят ҳаммага тегишли, хар бир дуога жавоб бор деяпти", деб сўрасанг. Жавоб: Дуога жавоб бериш бошқа, қабул қилиш бошқа. Хар бир дуо учун жавоб бериш бор, лекин қабул қилиш ва сўралган тилакни бериш Жаноби Ҳақнинг ҳикматига тобеъ. Масалан: Ҳаста бир бола: “Дўхтир! Менга қаранг”, деса дўхтир: “Лаббай”, “Нима хоҳлайсан?” деб жавоб беради. Бола: “Менга мана бу дорини беринг” дейди. Дўхтир эса, ё ўша дорини, ёки унинг фойдасини кўзлаб, ундан ҳам яхшироғини беради, ёки унга зарар бўлишини билиб, бермайди. Жаноби Ҳақ – мутлақ ҳикматли зот бўлгани учун, хар дам ҳозир, кўриб турувчи бўлгани учун қулининг дуосига жавоб беради. Қўрқув ва кимсасизлик даҳшатини, борлиги ва жавоби билан дўстликка айлантиради. Аммо инсоннинг ҳою ҳавасининг истагини эмас, балки Раббоний ҳикматнинг тақозоси билан ё сўраганини беради ёки янада аълосини беради ёки умуман бермайди. Дуо бир қуллик ҳамдир. Қулликнинг маҳсули эса охиратга оид. Дунёвий истаклар, дуо ва ибодатнинг вақтларидир. Лекин дуонинг асосий мақсади эмас. Масалан, ёмғир намози ва дуоси бир ибодатдир. Ёмғирсизлик эса шу ибодатнинг вақтидир. Йўқса, у ибодат ва дуо ёмғирни ёғдириш учун эмас. Агар фақат ўша ниятда бўлса у дуо ва ибодат холис ҳисобланмайди. Ва қабулга лойиқ бўлмайди. Қуёшнинг ботиши шом намозининг вақти бўлгани каби, Қуёш ва Ойнинг тутилиши – кусуф ва хусуф намозлари деб аталган икки махсус ибодатнинг вақтларидир. Яъни, Аллоҳнинг нурли оятлари бўлган кеча ва кундузнинг пардаланиши бир Илоҳий азаматнинг эълонига сабаб бўлади. Жаноби Ҳақ қулларини ўша вақтларда ибодатнинг бир турига чақиради. Аксинча бу намозлар (тутилиши ва қанчагача давом этиши астрономик ҳисоб китобларда аниқланган) Ой ва Қуёшнинг очилиши учун эмас. Худди шунингдек ёмғирсизлик ҳам ёмғир намозининг вақтидир. Ва балою мусибатларнинг келиши ва зарарли нарсаларнинг ҳужуми баъзи дуоларнинг махсус вақтлари бўлиб, инсон ўша вақтларда ожизлигини англайди, дуо ва ёлвориш билан Қодийри Мутлақнинг даргоҳига илтижо қилади. Агар қайта қайта дуо қилинса ҳам балою мусибатлар кетмаса, "Дуо қабул бўлмади", демаслик керак. Балки: “Дуонинг вақти ҳали ўтмади”, дейиш керак. Агар Жаноби Ҳақ фазлу карами билан балони кетказса, нур устига аъло нур, у вақт дуо вақти битади, ваати битган бўлади. Демак, дуо қулликнинг бир сиридир. Қуллик эса, холис Аллоҳ учун бўлиши керак. Бунда инсон ожизлигини изҳор этиб, Роббига дуо билан илтижо қилиши, Аллоҳнинг ишларига аралашмаслиги, тадбирни Унга ҳавола қилиши, ҳикматига суяниши, раҳматини айбламаслиги керак бўлади. Ҳа, чиндан ҳам Қуръон оятлари баён қилганидек бутун коинотдаги хар бир мавжудотнинг ўзига хос тасбеҳлари ва хусусий ибодатлари ва хос саждалари, Аллоҳнинг даргоҳига борадиган дуолардир. Бу дуоларнинг биринчиси: истеъдод тили билан қилинади. Хар бир ўсимлик истеъдод тили билан туганмас файз ва тўкинлик соҳиби бўлган Файёзи Мутлақдан бир сурат талаб этиб дуо қилади ва Аллоҳнинг Исм ва сифатларини ўзларида кўрсатишни сўрашади. Дуонинг иккинчи тури: табиий эҳтиёж тили билан қилинган дуодир. Бу бутун жонзотларнинг ҳожатлари учун табиий эҳтиёжларининг тили орқали сўнгсиз эҳсон соҳиби Жавводи Мутлақдан ҳаётларини давом эттириш учун ризқ сўраб дуо қилишларидир. Дуонинг учинчи тури: ноиложлик тили билан қилинган дуо бўлиб, чорасиз қолган хар бир тирик жон қатъий бир илтижо билан қилган дуосидир. Унда бир яширин Ҳомийига илтижо қилади, балки Рабби Раҳиймига юзланади. Бу уч турдаги дуо тўсиқ бўлмаса доимо қабул қилинади. Дуонинг тўртинчи тури, энг машхуридир. Бу бизнинг дуомиздир. Бу ҳам икки хил. Биринчиси ҳаракат ва ҳолат билан, иккинчиси қалбий ва тил билан. Масалан, сабабларга риоя қилиш ҳаракат дуосидир. Сабабларнинг йиғиндиси, натижани чиқариш учун эмас, балки ҳолат тили билан уни Жаноби Ҳақдан сўраш учун розилик вазиятини олишликдир. Ҳатто ер ҳайдаш раҳмат хазинасининг эшигини қоқишдир. Бу турдаги ҳаракат дуоси Жавводи Мутлақнинг Исм ва сифатларига юзлангани учун, аксарият ҳолларда қабул қилинишга лойиқ бўлади. Иккинчи қисм – тил билан, қалб билан дуо қилишдир. Қўли етмаган баъзи нарсаларни сўрашликдир. Бунинг энг муҳим жиҳати, энг гўзал ғояси, энг ширин меваси шуки, дуо қилган одам қалбининг тубидаги истакларини эшитадиган, ҳамма нарсага қурби етадиган, хар бир орзусини рўёбга чиқара оладиган, ожизлигига марҳамат қиладиган, фақирлигига мадад берадиган бир Зот борлигини англайди. Хуллас, эй ожиз инсон ва эй фақир банда! Дуо каби раҳмат хазинасининг калити ва туганмас бир қувватнинг манбаи бўлган воситани қўлдан чиқарма. Унга ёпиш, инсониятнинг энг юксак даражасига кўтарил. Бир султон каби бутун коинотнинг дуоларини ўз дуоинг ичига ол. Уларнинг номидан бир умумий ибодат қилаётган вакил бўлиб اِيَّاكَ نَس۟تَعٖينُ деб айт. Коинотнинг гўзал бир намунаси, сурати, шаклу шамоили бўл!

§8

Инсоннинг соадат ва бадбахтлигига сабаб бўлган беш ҳикматдан иборатдир Инсон – аҳсани тақвимда яъни энг гўзал шаклу шамойилда яратилгани ва унга ўта кенг истеъдод берилгани учун дўзахнинг энг тубидан жаннатнинг энг юксак даражасигача чиқа олади. Ердан осмонгача, заррадан қуёшгача тизилган мақомларга, мартабаларга, даражаларга, чиқа оладиган ва тубанликларга тушиб кетадиган имтиҳон майдонига қўйилган. Унинг олдида ниҳоятсиз тубанлашиш ва энг юксаккача тараққий этадиган икки йўл бор. У Аллоҳнинг қудрат мўъжизаси ва оламнинг яратилиш ғояси ва ажойиб санъат асари қилиниб, бу дунёга юборилган. Хуллас, инсоннинг шу ҳайратомуз тараққиёти ва даҳшатли инқирозининг моҳиятини "Беш сир"да баён қиламиз.

§9

Инсон коинотдаги барча нарсага муҳтож ва улар билан алоқадордир. Эҳтиёжлари оламнинг хар тарафига тарқалган, орзулари абадийликкача узанган. Бир гулни истагани каби улкан бир баҳорни ҳам хоҳлайди. Бир боғни орзу қилгани каби, абадий Жаннатни ҳам орзу этади. Бир дўстини кўришга муштоқ бўлгани каби, чексиз гўзаллик соҳиби бўлган Жамийли Зулжалолни ҳам кўришга иштиёқманд. Бошқа жойда яшайдиган севимли инсонини кўргани бориш учун ўша уйнинг эшигини очишга муҳтож бўлгани каби, қабр оламига кўчиб кетган юздан тўқсон тўққиз дўсту ёронларини зиёрат қилишга ҳам муҳтождир. Ҳамда абадий айрилиқдан қутулиш учун улкан дунёнинг эшигини беркитиб, маҳшаргоҳнинг эшигини очадиган, дунёни бузиб ўрнига охиратни қуриб қўядиган бир мутлақ қудрат эгасининг даргоҳига илтижо қилишга ҳам муҳтождир. Бу ҳолатда инсонга ҳамма нарсанинг тизгини қўлида, хар нарсанинг хазинаси ёнида бўлган, хар нарсани яқинидан кўриб турувчи, ҳамма жойда ҳозир, макондан холи, ожизликдан пок, камчиликдан тоза, нуқсондан озода бир Қодийри Зулжалол, бир Раҳийми Зулжамол, бир Ҳакийми Зулкамолгина ҳақиқий маъбуд бўла олади. Чунки, фақат ниҳоятсиз қудрат ва бепоён илм соҳибигина инсонларнинг чексиз ҳожатларини раво қила олади. Шундай экан, фақатгина У маъбудиятга лойиқдир. Демак, эй инсон! Агар ёлғиз Унга қул бўлсанг, мавқеъинг бутун махлуқотнинг устига чиқади. Агар У зотга қул бўлишдан бош тортсанг, ожиз махлуқотга пасткаш бир қул бўласан. Агар “менлигинг”га ва кучингга ишониб, Аллоҳга таваккал ва дуо қилмай қўйсанг, кибрланиб иддао қилишни бошласанг, яхшилик ва ижод жиҳатида ари ва чумолидан ҳам паст, ўргимчак ва чивиндан ҳам заиф даражага тушасан. Ёмонлик ва бузишда тоғдан ҳам оғир, вабодан ҳам зарарли ҳолга келасан. Ҳа, эй инсон! Сенда икки жиҳат бор: Биринчиси ижод ва қуриш, бирор нарсани вужудга келтириш, яхшилик қилиш, ижобий ҳаракат қилиш ва интилиш жиҳатларидир. Иккинчиси эса, бузиш, йўқ қилиш, ёмонлик қилиш, инкор қилиш, ҳаракатсизлик жиҳатларидир. Агар биринчи жиҳатни назарга олсанг, унда сен ари ва чумчуқдан паст, чивин ва ўргимчакдан ҳам заифроқсан. Иккинчи жиҳатдан эса тоғу тошлардан ва еру осмонлардан ўзасан. Негаки улар ўзларини олиб қочган ва ожизликларини изҳор қилган юкни кўтарасан. Улардан ҳам кенгроқ ва каттароқ доирага эга бўласан. Чунки сен яхшилик ва бирор нарсани барпо қилаётганингда фақатгина имконинг доирасида, куч ва қувватинг етадиган даражада яхшиликларни қила оласан. Агар ёмонлик ва бузиш билан шуғуллансанг, ёмонлигинг ҳаддидан ошади ва хароб қилишинг тарқалади. Масалан: Куфр бир ёмонликдир, бузишдир, тасдиқламасликдир. Шу биргина гуноҳ бутун коинотни ҳақорат қилишни, Аллоҳнинг барча Исмларини камситишни ва бутун инсониятни ерга уришни ўз ичига олади. Негаки хар бир мавжудотнинг олий мартабаси, аҳамиятли вазифаси бор. Чунки улар оламларни тарбия қилиб турган Зотнинг хабарлари, битилган мактублари ва у Зотнинг поклигини кўрсатган ойналари ва хизматчи ходимларидир. Куфр эса уларни бу вазифалардан, хизматлардан ва олий мартабаларидан тушириб, маъносизлик ва тасодифан пайдо бўлди деган хурофотгача тубанлаштириб, завол топиш ва айрилиқ зарбалари билан тез бузилиб кетадиган ўткинчи моддаларга ва аҳамиятсизлик, қийматсизлик, ҳечлик мартабасига туширади. Шу билан бирга бутун коинотда ва мавжудотда нақшлари ва жилвалари ва жамоллари кўринган Аллоҳнинг Исмларини инкор қилиб камситади. Аллоҳнинг барча муқаддас Исмларининг жилваларини гўзал равишда эълон қилган ҳикматли шеърий қасидаси ва боқий дарахтнинг тузилишини ўз ичида жамлаган уруғ каби илоҳий қудратнинг яққол мўъжизаси, улкан ва буюк омонат масъулиятини олган вақти – ер, осмон, тоғлардан устун бўлган ва фаришталарнинг даражасидан ҳам ўтган, ер юзининг халифаси мартабасига чиққан инсонни энг паст хайвондан ҳам пастга тушириб, янада заиф, ожиз, фақир даражасига туширади. Ва маъносиз, аралаш-қуралаш, тез бузиладиган бир оддий ёзув тахтасига айлантириб қўяди. Хулоса: Инсонни ёмонликка бошлайдиган нафси аммора бузғунчилик ва ёмонлик қилишда чек чегараси йўқ жиноят қила олади, лекин ижод-қуришда ва яхшилик қилишда қуввати жуда оз, кичикдир. Масалан, бир уйни бир кунда буза олади, юз кунда қура олмайди. Агар “менлиги”ни ташлаб, яхшилик ва бунёд қилишда Аллоҳдан ёрдам сўраса, ёмонлик ва бузғунчиликдан ва нафсга бўйсунишдан воз кечса, тавба қилиб Унга тўлиғича қул бўлса, يُبَدِّلُ اللّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ оятининг сирига сазовор бўлади. Унинг чексиз ёмонлик қобилиятлари, чексиз яхшилик қобилиятларига айланади. Аҳсани тақвим – энг гўзал суратда яратилган даражасига етади, аълои иллийин – энг олий даражага чиқади. Хуллас, эй ғафлатда юрган инсон! Аллоҳнинг фазл ва карамига қара! Инсоннинг яхшилик ва ёмонликларини ёзувчи фаришталар бир гуноҳингни минг деб ёзиш, бир савобни битта қилиб ёзиш ёки умуман ёзмаслик адолатдан бўлади. Лекин улар бир гуноҳни битта қилиб ёзади, бир савобни ўн, баъзан етмиш, баъзан етти юз, баъзан етти минг қилиб ёзади. Бу сирга биноан, дахшатли Жаҳаннамга кириш гуноҳлар учун жазо эканини, айни адолат эканини бил! Лекин жаннатга кириш эса фақатгина Аллоҳнинг фазлидандир.

§10

Инсонда икки томон бор: Бири “менлик”жиҳатидан дунёвий ҳаётга тегишли. Иккинчиси қуллик жиҳатидан охиратга қарайди. Биринчи жиҳатдан бечора бир махлуқ бўлиб, бир соч толасичалик эрк, ихтиёр деган бойлиги бор. Иқтидори жуда оз нарсага етадиган, ҳаёти пуфланса ўчадиган шам мисоли, умри чақмоқ сингари тез ўтадиган, жисми эса тез чириб кетадиган кичик бир борлиқдир. Шу ҳолида бутун оламдаги ҳилма ҳил махлуқотларнинг сон саноқсиз аъзолари ичида нозик, заиф вакил ҳисобланади. Иккинчи жиҳатдан эса, айниқса ибодат қилишга сабаб бўлган ожизлиги ва фақирлиги жиҳатидаги тутган ўрни ниҳоятда каттадир. Унинг жуда катта аҳамияти бор. Чунки ҳамма нарсани ҳикмат билан қиладиган Фотири Ҳакийм инсоннинг маънавий моҳиятида чексиз ожизлик ва ҳадсиз фақирликни жойлаштирган. Нега деганда, қудрати ва бойлиги ниҳоясиз бўлган Зотни ҳамиша кўрсатиб турадиган ойна бўлиши учун. Ҳа, инсон бир уруққа ўхшайди. У уруққа Аллоҳнинг қудратидан муҳим маънавий жиҳозлар берилиб, унинг ҳаёти қийматли, тақдирдан ўлчанган нозик дастурлар жойлаштирилган. Мақсад, тупроқ остида кўкариб, тор оламдан, кенг оламга чиқиб, Яратувчи Холиқидан истеъдод тили бир дарахт бўлишни сўраб, ўзига муносиб камол топсин. Агар у уруғ маънавий жиҳозларни суистеъмол қилса, яъни тупроқ остидаги зарарли моддалар билан озиқланса, у ерда, қисқа муддатда чириб кетади. Агар فَالِقُ الْحَبِّ وَالنَّوَى оятининг яратилиш қонунларига бўйсуниб, маънавий жиҳозларини чиройли тарзда ишлатса, у ердан чиқиб, мевали дарахт бўлади. Кичкина уруғлиги ва маънавий руҳи буюк бир дарахт деган катта ҳақиқатга айланади. Айнан шунинг каби, инсоннинг моҳиятига кучли маънавий жиҳозлар ва ўлчанган нозик дастурлар омонат қилиб берилган. Агар инсон шу тор ер юзида, дунёвий ҳаёт тупроғи остида ўша маънавий жиҳозларини нафснинг ҳавасларига сарф этса, айниган уруғ каби бир кичик лаззат учун қисқа бир умрда, тор бир ерда ва сиқилган бир ҳолда чириб бузилиб, маънавий жавобгарлигини бахтиқаро руҳига юклаб, бу дунёдан кўчиб кетади. Агар у истеъдод уруғини Исломият суви билан, иймон нури билан, ибодат тупроғида тарбиялаб, Қуръоннинг буйруқларига бўйсуниб, маънавий жиҳозларини ҳақиқий мақсадларга йўналтирса, албатта қабр ва охиратда униб чиқиб, Жаннатда чексиз неъматларга сабаб бўлади. Шу тариқа боқий дарахтнинг қийматдор уруғи ва бу коинот дарахтининг муборак ва мунаввар бир меваси бўлади. Ҳақиқий тараққиёт инсонга берилган қалб, сир, руҳ, ақл, ҳатто хаёл ва бошқа ҳис-туйғуларни абадий ҳаётга йўналтиришдан иборат. Уларнинг ҳар бирини ўз махсус ибодати билан машғул қилдиришдир. Залолатда юрганлар дунёвий ҳаётга шўнғиб, кайфу сафонинг ҳатто энг тубанини тотишни тараққий деб ҳисоблашади. Ва бу йўлда инсон бутун ҳиссиётлари, қалб ва ақлини нафсига қул қилиб берса, тараққий эмас, таназзул бўлади. Бу ҳақиқатни бир тушда кўрдим: Мен катта бир шаҳарга кирибман. Қарасам, у шаҳарда катта саройлар бор экан. Баъзи саройларнинг эшигига боқдим, ғоят шодиёна, қизиқ театр каби диққат эътиборни жалб қиляпти. Одамни ўзига тортадиган жозибадорлиги бор эди. Эътибор берсам, саройнинг хўжайини остонага келиб, ит билан ўйняпти. Аёллар бегоналар билан ширин суҳбатлар қуряпти. Кап катта қизлар ёш болаларни ўйнини уюштиряпти. Дарвозабон эса уларга қўмондонлик қилаётгандак ҳолатда. Шунда мен, улкан саройнинг ичкариси бўм-бўш, керакли вазифалар бажарилмай қолганини, ахлоқлари тубанлашгани боис остонада бу суратни олишганини тушундим. У ердан кетиб, яна бир катта саройга дуч келдим. Эшик тагида ётган вафодор ит, оғир босиқ бир дарвозабон ва осойишталик ҳукмронлигини кўрдим. Қизиқишим уйғонди. Нима учун нариги ундай, бу бундай, дедим. Ичкарига кирдим. Қарасам, ичкарида шодиёна. Уйнинг хар бир қаватида саройдагилар ўзларининг турли туман муҳим вазифалари билан машғул. Биринчи қаватдаги одамлар саройни бошқараяпти. Уст қаватдаги хонада қизлар, болалар дарс олишмоқда. Кейинги қаватда аёллар нозик кашталарга, гўзал нақшлар солиш билан машғул. Энг юқорида хўжайин халқнинг осойишталигини таъминлаш учун подшоҳ билан гаплашяпти, ўзини камолоти ва тараққиёти учун зарур ишлар билан банд эканини кўрдим. Мен уларга кўринмаганим учун "Мумкин эмас" демадилар, бемалол юра олдим. Сўнг чиқиб қарадим. Шаҳарнинг ҳар тарафида шу каби икки турдаги саройлар бор эди. Сўрасам, "Таши шодиёна, ичкариси бўш саройлар кофирларнинг катталари ва залолат аҳлларига қарашли. Бошқалари эса номусли мусулмон олимлариники", дейишди. Сўнг бир четда бир саройга дуч келдим. Устида "Саид" исмини кўрдим. Қизиқиб, қаттиқроқ диққат қилдим. Устида суратимни кўраётгандек бўлдим. Камоли таажжубдан бақириб, ақлим жойига келди, уйғондим. Энди сенга бу тушимнинг таъбирини айтаман. Аллоҳ хайрли қилсин. Шаҳар – ижтимоий ҳаёт ва инсониятнинг маданият шаҳридир. Саройларнинг хар бири бир инсондир. Сарой аҳли эса инсондаги кўз, қулоқ, қалб, сир, руҳ, ақл каби туйғулар, нафсу ҳаво, хоҳиш ва жаҳл каби хиссиётлардир. Ҳамма инсонда хар бир ҳиссиётнинг ўзига хос ибодатлари бор. Ҳилма ҳил лаззатлари, азоблари бор. Нафс ва ҳаво, хоҳиш ва жаҳл бир дарвозабон ва ит ҳисобланади. Ҳиссиётларни нафс ва ҳавога бўйинсундириб, асл вазифаларини унуттириш, албатта таназзул ҳисобланади, тараққий эмас. Бошқа жиҳатларни сен таъбир қил.

§11

Инсон ҳаракат ва амаллар нуқтаи назаридан заиф бир ҳайвон, ожиз махлуқдир. Унинг тасарруфи қўлини узатса етадиган даражададир. Ҳатто инсонга бўйсундирилган уй ҳайвонлари ҳам инсоннинг заифлиги ва ожизлиги ва танбаллигидан оз бир ҳисса олган. Ёввойи турдошларига қиёс қилинса, катта фарқ кўринади (эчки ва ёввойи эчки, ҳўкиз билан ёввойи ҳўкиз каби). Лекин инсон ҳаракати, дуоси ва сўраган нарсаларинг берилиши жиҳатидан дунё меҳмонхонасида азиз бир йўлчидир. Ва шундай бир ниҳоятсиз раҳмат хазиналарини унга очган карамли, сахий Зотнинг меҳмонидир. У Зот инсонга ўзининг кўплаб ажойиб махлуқларини ва ходимларини бўйсундириб қўйган. Ва у меҳмоннинг кўриб, айланиб, фойдаланиши учун катта доира очган. У доиранинг кенглиги – кўз кўрган ва ҳаёл етган ерга қадар кенг ва узун. Агар инсон “менлиги”га таяниб дунёвий ҳаётни асосий мақсад қилиб тирикчилик дардида ва вақтинчалик баъзи лаззатлар учун ишласа, ғоят тор доира ичида қолиб кетади. Унга берилган барча моддий-маънавий жиҳозлар, асбоблар ва туйғулар ундан шикоят қилиб, махшаргоҳда унинг зиёнига гувоҳлик беради. Ва даъвогар бўлишади. Агар инсон ўзини меҳмон деб билиб, уни меҳмон қилган Зоти Кариймнинг изни доирасида умрини ўтказса, абадий ҳаётни қозонишга ҳаракат қилади, дам олишга чиқиб, истироҳат этади. Натижада энг юксак даража бўлган аълойи иллийинга етади. Ҳамда инсонга берилган бутун жиҳозлар ва асбоблар ундан мамнун бўлиб, охиратда унинг фойдасига гувоҳлик қилади. Инсоннинг барча ажиб жиҳозлари фақат бу дунё учун берилмаган, балки жуда аҳамиятли боқий ҳаёт учун берилган. Чунки инсонни ҳайвонга солиштирсак, у маънавий қуроллар борасида жуда бойдир. Ҳайвондан минг марта ортиқ. Лаззатланиш ва ҳаёт кечиришида юз даража пастда. Чунки олган хар лаззатида бир азоб изи бор. Ўтмишдан қолган азоблар ва келажакдан келган қўрқувлар уни қийнайди. Олаётган лаззатнинг тугаб қолиш алами унинг завқларини тўхтатади. Лекин ҳайвон ундай эмас. Аламсиз лаззат, ғам-ғуссасиз завқ олади. На ўтган замоннинг азоблари уни хафа қилади на келажак қўрқувлари уни қўрқитади. Роҳатда яшайди, ётади, Холиқига шукр қилади. Демак, аҳсани тақвим суратида яратилган, сармоя жиҳатидан юз даража ҳайвондан юксак бўлган инсон, дунёвий ҳаётга бутун фикри билан шўнғиса, чумчуқдан ҳам юз марта пастга тушади. Бошқа жойда бир мисол билан бу ҳақиқатни баён этган эдим. Муносабат келди, яна ўша мисолни такролайман. Бир одам бир хизматкорига ўн олтин бериб, "Махсус бир газламадан бир дона кўйлак тиктир", дейди. Иккинчисига минг олтин бериб, баъзи нарсалар ёзилган бир мактубни унинг чўнтагига солиб, бир бозорга юборади. Аввалги хизматкор ўн олтин билан олий газламадан мукаммал бир кўйлак олади. Иккинчи хизматкор девоналик қилиб, аввалги хизматкорга қараб, чўнтагига солиб қўйилган ҳисоб мактубини ўқимасдан бир дўкончига минг олтин бериб, бир дона кўйлак беришини сўрайди, инсофсиз дўкончи ҳам чириган газламадан бир дона кўйлак беради. Бу бадбахт хизматкор хўжайинининг ҳузурига келади. Ва қаттиқ бир жазо кўриб, даҳшатли азоб чекди. Хуллас, ақли бор одам биладики, иккинчи хизматкорга минг олтин бир дона кўйлак олиш учун эмас, балки муҳим бир тижорат учун берилган. Айнан шунинг каби, инсондаги маънавий жиҳозлар ва инсоний туйғуларнинг хар бири ҳайвонникидан юз марта кўп. Масалан, инсоннинг гўзалликни кўрадиган кўзи, таомларнинг таъмларини ажратадиган таъм билиш ҳисси ва ҳақиқатни ажратадиган ақли, комилликка интилиб етадиган қалби ва бошқа жиҳозлари қаёқдаю, ҳайвоннинг жуда оддий қобилияти қаёқда?! Ҳайвон бир ёқлама (махсус равишда у ҳайвонда хусусий бир жиҳоз) ривожланган бўлади. Бироқ у ривожланиш унинг ўзигагина тегишли бўлади. Инсоннинг жиҳозлар жиҳатидан бойлигининг сири, ақл ва фикрини ишлатиб ҳислар, туйғуларни ривожлантирган, кенгайтирган. Ва эҳтиёжларининг кўплиги туфайли унда турли-туман ҳиссиёт пайдо бўлган. Ҳиссиётлари ранг-баранглашган. Табиатига барча ҳислар ўрнатилгани сабабидан жуда кўп мақсадлар, орзуларга манбадир. Унинг фитрий вазифалари жуда кўп бўлгани учун ҳиссиётлари ҳаддан зиёд кенгайган. Ва барча турдаги ибодатларни қила оладиган табиатда яратилган. Ва унга комиллик уруғларини ичида жамлаган истеъдод берилган. Демак, бунча бой жиҳозлар ва кўп сармоялар, албатта шу вақтинчалик дунёвий ҳаёт учун берилмаган. Инсоннинг асл вазифаси: - охиратни қозониш учун саъй ҳаракат қилиш, - ожизлик, фақирлик ва камчиликларини ибодат билан Аллоҳга эълон қилиш, - мавжудотнинг тасбеҳотини юқоридан мулоҳаза қилиб тасдиқлаш, - неъматлар ичида Раҳмоний мададни кўриб шукр қилиш, - хар бир яратилган нарсадаги Раббоний қудрат мўъжизаларини ибрат назари ила тафаккур қилишдан иборат. Эй дунёпараст, дунёвий ҳаётга ошиқ ва аҳсани тақвим сиридан ғафлатда қолган инсон! Бу дунёнинг моҳияти нимадан иборатлигини кўриб, мени бошқа инсонга айлантирган шу мисолий воқеани тингла: Кўрдимки, мен бир йўловчиман. Узоқ бир йўлга кетяпман. Яъни юбориляпман. Хўжайиним мен учун ажратган олтмиш олтиндан, бўлиб-бўлиб пул берган эди. Мен у пулдан сарфлаб, кайфу сафо қиладиган бир карвонсаройга келдим. У карвонсаройда бир кечада ўн олтинни қимор-симорга, кайфу сафога ва шуҳратпарастлик учун сарфладим. Эрталаб қўлимда ҳеч қандай пул қолмади. Бир тижорат қила олмадим. Борадиган жойимга керакли нарсаларни ҳам олиб билмадим. У пулдан менга фақат аламлар, гуноҳлар ва кайфу сафолардан келган яра-чақалар, ғам-ғуссалар қолган эди. Бирдан бу маҳзун ҳолимда бир одам пайдо бўлди. Менга, “Бутун сармоянгни зое қилдинг, жазога лойиқ бўлдинг. Борадиган жойингга ҳам касод бўлиб, қўлинг бўш кетасан. Ақлинг бўлса, тавба эшиги очиқ. Бундан кейин қолган ўн беш олтиндан хар сафар қўлингга берилганда ярмини эҳтиёт қилиб асраб қўй. Фақат, борадиган жойингда керак бўладиган баъзи нарсаларни ол”, деди. Қарасам, нафсим рози бўлмаяпти. “Учдан бирини” деди. Унга ҳам нафсим итоат этмади. Сўнгра тўртдан бирини деди. Қарасам, нафсим мубтало бўлган одатини тарк этмаяпти. У одам жаҳл билан юзини ўгириб кетди. Бирдан ҳолат ўзгарди. Қарасам, мен тунел ичидан пастга қулаб тушаётгандек тезлик билан кетаётган бир поезд ичидаман. Шошиб қолдим. Аммо, начораки, умуман қочишнинг иложи йўқ эди. Ғаройиб тарзда у поезднинг икки тарафида жуда жозибадор гуллар, ширин мевалар кўриниб турар эди. Мен тажрибаси оз, ақлсизлар каби уларга қўлимни узатдим. У гулларни узишга ва меваларни олиш учун ҳаракат қилдим. Улар тиканли бўлгани учун қўл узатганда қўлимга кириб, қонатар эди. Поезд юрган сари ортда қолар экан, қўлимни тилиб қонатиб, менга жуда қимматга тушаётган эди. Бирдан поезднинг бир хизматчиси келиб: “Беш тийин бер, сенга гул ва мевалардан истаганингча олиб бераман. Акс ҳолда, қўлингнинг тилиниши оқибатида юз тийин зарар кўрасан. Ҳам жазоси бор, рухсатсиз уза олмайсан”, деди. Сиқилиб, қачон тунел битаркан деб бошимни чиқариб олдинга қарадим. Қарасам, тунел эшиги ўрнида жуда кўп туйнуклар кўринмоқда. У узун поезддан туйнукларга одамлар ташланмиқда. Рўпарамда бир туйнук кўрдим. Икки тарафида икки мозор тоши қўйилган. Диққат эътибор билан қарадим. У мозор тошида катта ҳарфлар билан "Саид" исми ёзилганини кўрдим. Таассуф ва ҳайратимдан "Эй воҳ" деб юбордим. Бирдан у карвонсарой эшигида менга насиҳат қилган зотнинг овозини эшитдим. У, “Эс ҳушингни йиғдингми?”, деди. Мен, ” Ҳа, йиғдим, фақат қувват қолмади, чора йўқ”, дедим. У, “Тавба қил, таваккал эт”, деди. “Қилдим!”, дедим. Ўзимга келдим... Эски Саид ўрнига Янги Саидга ўзгарганимни кўрдим. У ҳаёлий воқеани Аллоҳ хайрли қилсин. Бир-икки қисмини мен таъбир қиламан, бошқа жиҳатларни сен ўзинг таъбир эт. Сафар – руҳлар оламидан, раҳми модардан, ёшликдан, кексаликдан, қабрдан, барзоҳдан, ҳашр майдонидан, сирот кўпригидан ўтган абадийликка қараб кетган сафардир. Олтмиш олтин эса олтмиш йиллик умр бўлиб, бу воқеани кўрган вақтимда ўзимни қирқ беш ёшда тахмин қилган эдим. Ҳужжатим йўқ, фақат қолган ўн бешидан ярмини охиратга сарф қилиш учун Қуръони Ҳакимнинг холис бир талабаси мени иршод этди. Карвонсарой эса мен учун Истанбул эмиш. Поезд эса вақтдир. Хар бир йил бир вагондир. Тунел эса дунёвий ҳаётдир. Тиканли гуллар ва мевалар эса ҳалол бўлмаган лаззатлар ва ҳаром қилинган нафсоний ўйин-кулгилар бўлиб, уларни татганда тугашини ўйлаб азоб чекиш қалбни қонатади. Айрилганда пора пора қилади. Ҳам жазо чектиради. Поезд хизматчиси: "Беш тийин бер, улардан истаганингча бераман", деган эди. Унинг таъбири шуки: Инсоннинг ҳалол меҳнати билан шаръий доирада олган завқлар, лаззатлари роҳатланиш учун кифоядир. Ҳаромга киришга эҳтиёж қолдирмайди. Бошқа жиҳатларни ўзинг таъбир қил.

§12

Инсон шу коинот ичида жуда нозик ва бир эрка болага ўхшайди. Заифлигида буюк бир қувват ва ожизлигида буюк бир куч бор. Чунки заифликнинг қуввати ва ожизликнинг қудрати билан шу мавжудот унга бўйсунган. Агар инсон ўзининг заифлигини англаб сўз билан, ҳол билан, ҳаракат билан дуо қилса ва ожизлигини билиб, мадад тиласа, бошқаларнинг унга тобеъ қилинганини шукрини адо қилиш билан бирга, орзусига етади ва мақсадлари унга тобеъ бўладики, ўз иқтидори билан унинг юздан бирига ҳам муваффақ бўла олмайди. Фақат баъзан ҳол тили дуоси билан ҳосил бўлган бир истагини янглиш ҳолда ўз иқтидоридан деб билади. Масалан: Товуқ боласининг заифлигидаги қувват, товуқни арслонга ташлаттиради. Янги туғилган арслон боласи ваҳший ва оч арслонни ўзига бўйсундириб, уни оч қолдириб, ўзи тўқ бўлади. Мана диққат қилиш керак бўлган, заифликдаги қувват ва томоша қилишга муносиб Аллоҳнинг раҳматининг жилваси. Эрка бола йиғлаши орқали ё сўраб, ё маҳзун ҳоли билан истакларига шундай етади ва кучлилар унга тобеъ бўладики, у истакларини мингдан бирига минг марта кучли бўлган тақдирда ҳам етиша олмайди. Демак, заифлик ва ожизлик ўзларига нисбатан шафқат ва ҳимоялашни ҳаракатга келтиргани учун кичик бармоғи билан қаҳрамонларни ўзига бўйсундиради. Энди, шундай бир бола, ўша шафқатни инкор қилса ва у ҳимояни айблаб, аҳмоқона бир ғурур билан: "Мен буларни ўз кучим билан бўйинсундиряпман", деса, албатта, бир тарсаки ейди. Инсон ҳам Холиқининг раҳматини инкор қиладиган ва ҳикматини айблайдиган тарзда неъматларига ношукрлик қилиб Қорун каби اِنَّمَا اُوتِيتُهُ عَلَى عِلْمٍ яъни: "Мен ўз илмим билан, ўз иқтидорим билан эришдим", деб айтса, албатта ўзини азобга лойиқ қилади. Демак, ушбу кўриниб турган инсоният султонлиги, башарият тараққиёти ва маданият камолоти чақириш билан, ғалаба билан, кураш билан эмас, балки унинг заифлиги учун итоат эттирилган, ожизлиги учун кўмак қилинган, фақирлиги учун эҳсон этилган, илмсизлиги учун илҳом қилинган, эҳтиёжи учун икром этилган. Султонликнинг сабаби қувват ва илмий иқтидор эмас, балки Раббоний шафқат ва марҳамат, Илоҳий раҳмат ва ҳикмат бўлиб, нарсалар унга итоат эттирилган. Кўзи йўқ чаён ва оёқсиз бир илон каби ҳашаротга мағлуб бўлган инсонга кичик бир қуртдан ипакни кийдирган ва захарли ари орқали асал едирган нарса унинг иқтидори эмас, балки заифлигининг самараси бўлган Раббоний бўйсундирув ва Раҳмоний икромдир. Эй инсон! Модомики бу ҳақиқат экан, ғурурни ва худбинликни ташла. Аллоҳнинг даргоҳида ожизлигинг ва заифлигингнинг мадад тили билан, фақирлигинг ва ҳожатингни тазарруъ ва дуо тили билан эълон қил ва банда эканингни кўрсат. Ва حَسْبُنَا اللّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ деб юксал. "Мен ҳеч кимман, бу коинот бир Ҳакийми Мутлақ тарафидан мен учун қасддан бўйсундирилиши учун, мендан умумий шукр талаб қилиш учун қандай аҳамиятим бор?" дема. Чунки сен, гарчи нафсинг ва суратинг эътибори билан ҳеч ким бўлсангда, вазифа ва мартаба нуқтасида бу ҳашаматли коинотнинг диққатли томошабини, шу ҳикматли мавжудотнинг маъноли гапирувчи тили ва бу олам китобининг идрокли ўқувчиси ва тасбеҳ қилаётган махлуқотнинг ҳайратли назоратчиси ва ибодат қилган бу санъат асарларининг ҳурматли устабошиси ҳисобланасан. Ҳа, эй инсон! Сен ўсимликка ўхшаш жисминг ва ҳайвоний нафсинг эътибори билан кичик бир бўлак, паст бир парча, фақир бир махлуқ, заиф бир ҳайвонсанки, бутун даҳшатли ўткинчи мавжудотнинг тўлқинлари ичида чайқалиб кетяпсан. Фақат Аллоҳнинг муҳаббатининг зиёсини ичига олган иймоннинг нури билан нурли Ислом тарбияси билан камолга етиб инсоният жиҳатида қуллигинг ичида бир султонсан ва алоҳидалигинг ичида бир каттасан, кичиклигинг ичида бир оламсан ва пастлигинг ичида мақоминг шундай буюк ва назоратинг доираси кенг назоратчисанки, "Менинг Рабби Раҳиймим дунёни менга бир уй қилди. Ой ва қуёшни уйимга чироқ ва баҳорни бир даста гул ва ёзни бир неъмат дастурхони ва ҳайвонотни менга хизматкор қилди. Ва набототни у хонамнинг зийнатли нарсалари қилди!" дея оласан. Хуллас калом: Агар сен нафс ва шайтонни тингласанг, энг тубан даража – асфали софилийнга тушасан. Агар Аллоҳни ва Қуръонни тингласанг, энг олий мартаба аълойи иллиййинга чиқиб, Коинотнинг гўзал бир намунаси, сурати, шаклу шамоили бўласан.

§13

Инсон, бу дунёга бир ходим ва меҳмон қилиб юборилиб, унга жуда муҳим истеъдод берилган. Истеъдодларга кўра муҳим вазифалар берилган. Инсонни у мақсадга ва у вазифаларни бажариши учун жуда қизиқтирган ва қаттиқ қўрқитилган. Бошқа жойда айтганимиздек инсоннинг вазифаси ва қиладиган ибодатининг асосларини хулосалаймиз. Токи "аҳсани тақвим" сири англашилсин. Хуллас, инсон бу дунёга келгандан кейин икки турдаги ибодати бор: Бири - яширин турдаги ибодати, тафаккур қилиши. Иккинчи тури - ибодатга бел боғлаб, ёлвориш билан, муножот қилиши. Биринчи жиҳат шуки: Олам мамлакатида кўринган, Аллоҳнинг мукаммал тарбиясига бўйсуниб, тасдиқлаб, қабул қилиб ва комиллигига ва гўзаллигига лол қолиб, кузатишдир. Сўнг, Аллоҳнинг Илоҳий муқаддас Исмларининг нақшларидан чизилган санъатларни бир-бирининг ибрат назарларига кўрсатиб даллоллик ва эълон қилишдир. Сўнг, хар бири алоҳида яширин маънавий хазина бўлган Раббоний Исмларнинг жавҳарларини ақл тарозуси билан тортиб, қалб билан тақдирлаб қиймат беришдир. Сўнг қудрат қаламининг мактублари бўлган мавжудот саҳифаларини, Ер ва Осмон варақларини мутолаа қилиб ҳайратланиб тафаккур қилишдир. Сўнг, мавжудотдаги безак ва нозик санъатларни ёқтириб томоша қилиб, уларнинг чексиз гўзал Устасининг илмини яхши кўриб, уларнинг У Зотнинг ҳузурига чиқишга ва илтифотига эришишга ҳаракат қилиш. Иккинчи жиҳат, ибодатга бел боғлаб, ёлвориш билан, муножот қилиш бўлиб, санъатдан Санъаткорга ўтиб, бир буюк Уста ўз мўъжизавий санъатлари билан ўзини танитиш ва билдиришни хоҳлаётганини кўради. У жавобан иймон билан, маърифат билан жавоб беради. Сўнг: Раҳматининг гўзал мевалари билан бир Рабби Раҳиймнинг ўзини севдиршни хоҳлаётганини кўради, сезади, билади. У жавобан фақатгина Уни севиш билан, ёлғиз унга қуллик қилиш билан ўзини Унга севдиради. Сўнг: Бир Карамли зот моддий ва маънавий ширин неъматлари билан уни парвариш қилаётганини кўради. У жавобан ҳаракати, ҳолати ва сўзи билан, ҳатто қўлидан келса бутун вужуди билан, аъзолари билан шукр ва ҳамду сано этади. Сўнг: Шу мавжудотнинг ойналарида буюклик ва мукаммалигини ва жалол ва жамолини кўрсатиб диққат эътиборни ўзига тортаётган Жамили Жалилни кўради. У жавобан "Аллоҳу Акбар, Субҳаналлоҳ", деб, хокисорлик ва муҳаббат билан сажда қилади. Сўнг: Чексиз бир саховат ичида ниҳоятсиз бойлигини, хазиналарини кўрсатаётган Ғанийи Мутлақни кўради ва жавобан таъзим ва ҳамду сано айтиб, ўзининг фақирлиги билан сўрайди, истайди. Сўнг: Ер юзини бир кўргазма қилган, бутун антиқа санъатларини у ерда намойиш қилаётган Фотири Зулжалолни кўради. У жавобан лол қолиб "Машааллоҳ" дейди, тан бериб "Баракаллоҳ" дейди, ҳайратланиб "Субҳаналлоҳ" дейди, улуғлаб "Аллоҳу Акбар" дейди. Сўнг: Яккаю ягона зот шу коинот саройида тақлид қилинмас муҳрлари билан, Ўзига махсус тамғалари билан, унга оид нишонлари билан, хос фармонлари билан бутун мавжудотга Ўзиниг бирлигини билдирган Ваҳдат тамғасини қўяётганини, тавҳиднинг оятини нақш солаётганини ва олам уфқларининг хар тарафида Бирлигининг байроғини тикмоқда ва тарбиячи Зотлигини эълон этаётганини кўради. Буни кўрган инсон унга қарата тасдиқ билан, иймон билан, тавҳид билан, заковат билан, шаҳодат билан, ибодат билан жавоб беради. Инсон бу турдаги ибодат ва тафаккурлар билан ҳақиқий инсон бўлади. Аҳсони тақвимда эканини кўрсатади. Иймоннинг қуввати ва баракоти билан омонатга лойиқ, Ер юзидаги барча мавжудотнинг султони бўлади. Эй аҳсани тақвимда яратилган ва эрку ихтиёрини суистеъмол қилиб асфали софилийнга йўл олган ғофил инсон! Мени тингла. Мен ҳам сен каби ёшлик сархушлиги билан ғафлат ичида дунёни яхши ва гўзал кўриб, ёшлик мастлигидан кексалик тонгида уйғонган вақтим, моддий дунёнинг юзини нақадар хунук эканини кўрганимни ва охиратга қараган ҳақиқий юзи нақадар гўзал эканини Ўн Еттинчи Сўзнинг Иккинчи Мақомидаги икки ҳақиқат лавҳаларида ёзганман, ўшанга қара, сен ҳам кўр. Birinci Levha: Ehl-i dalalet gibi fakat sarhoş olmadan gaflet perdesiyle eskiden gördüğüm ehl-i gaflet dünyasının hakikatini tasvir eder. İkinci Levha: Ehl-i hidayet ve huzurun hakikat-i dünyalarına işaret eder. Eskiden ne tarzda yazılmış, o tarzda bıraktım. Şiire benzer fakat şiir değillerdir. سُب۟حَانَكَ لَا عِل۟مَ لَنَٓا اِلَّا مَا عَلَّم۟تَنَٓا اِنَّكَ اَن۟تَ ال۟عَلٖيمُ ال۟حَكٖيمُ رَبِّ اش۟رَح۟ لٖى صَد۟رٖى ۝ وَيَسِّر۟ لٖٓى اَم۟رٖى ۝ وَاح۟لُل۟ عُق۟دَةً مِن۟ لِسَانٖى ۝ يَف۟قَهُوا قَو۟لٖى اَللّٰهُمَّ صَلِّ وَ سَلِّم۟ عَلَى الذَّاتِ ال۟مُحَمَّدِيَّةِ اللَّطٖيفَةِ ال۟اَحَدِيَّةِ شَم۟سِ سَمَاءِ ال۟اَس۟رَارِ وَ مَظ۟هَرِ ال۟اَن۟وَارِ وَ مَر۟كَزِ مَدَارِ ال۟جَلَالِ وَ قُط۟بِ فَلَكِ ال۟جَمَالِ اَللّٰهُمَّ بِسِرِّهٖ لَدَي۟كَ وَ بِسَي۟رِهٖ اِلَي۟كَ اٰمِن۟ خَو۟فٖى وَ اَقِل۟ عُث۟رَتٖى وَ اَذ۟هِب۟ حُز۟نٖى وَ حِر۟صٖى وَ كُن۟ لٖى وَ خُذ۟نٖى اِلَي۟كَ مِنّٖى وَ ار۟زُق۟نِى ال۟فَنَاءَ عَنّٖى وَ لَا تَج۟عَل۟نٖى مَف۟تُونًا بِنَف۟سٖى مَح۟جُوبًا بِحِسّٖى وَاك۟شِف۟ لٖى عَن۟ كُلِّ سِرٍّ مَك۟تُومٍ يَا حَىُّ يَا قَيُّومُ يَا حَىُّ يَا قَيُّومُ يَا حَىُّ يَا قَيُّومُ وَ ار۟حَم۟نٖى وَار۟حَم۟ رُفَقَائٖى وَ ار۟حَم۟ اَه۟لَ ال۟اٖيمَانِ وَ ال۟قُر۟اٰنِ اٰمٖينَ يَا اَر۟حَمَ الرَّاحِمٖينَ وَ يَا اَك۟رَمَ ال۟اَك۟رَمٖينَ وَ اٰخِرُ دَع۟وٰيهُم۟ اَنِ ال۟حَم۟دُ لِلّٰهِ رَبِّ ال۟عَالَمٖينَ

Private reading note

This note stays on this device and is never uploaded to a server.

Up to 1,200 characters