Ихлос ҳақида (Ўн Еттинчи Ёғдунинг Ўн Еттинчи Мулоҳазасининг етти масаласидан, беш нуқтадан иборат иккинчи масаласининг биринчи нуқтаси бўлсада, аҳамиятига биноан Йигирманчи Ёғду бўлди.) بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ اِنَّٓا اَنْزَلْنَٓا اِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ فَاعْبُدِ اللّٰهَ مُخْلِصًا لَهُ الدّٖينَ ۞ اَلَا لِلّٰهِ الدّٖينُ الْخَالِصُ ояти билан ва هَلَكَ النَّاسُ اِلَّا الْعَالِمُونَ وَهَلَكَ الْعَالِمُونَ اِلَّا الْعَامِلُونَ وَهَلَكَ الْعَامِلُونَ اِلَّا الْمُخْلِصُونَ وَالْمُخْلِصُونَ عَلٰى خَطَرٍ عَظٖيمٍ –اَوْ كَمَا قَالَ– ҳадиси шарифилари Исломиятда ихлоснинг қанчалик муҳим бир асос эканини кўрсатади. Ихлос масаласининг чексиз нуқталаридан фақат "Беш Нуқта"ни қисқача баён қиламиз. Танбеҳ: Муборак Испартанинг шукрга сабаб гўзал қисмати бўлиб, ундаги аҳли тақво ва аҳли тариқат ва аҳли илмнинг (бошқа жойларга нисбатан) рақобатли ихтилофлари кўринмайди. Гарчи лозим бўлган ҳақиқий муҳаббат ва иттифоқ бўлмаса ҳам, зарарли мухолифлик ва рақобат ҳам бошқа ерларга нисбатан бу ерда йўқ.
Source text is preserved. When a suitable model is available, translation is displayed separately.
Lem'alar
The Twentieth Gleam
Муҳим ва мудҳиш бир савол: Нима учун аҳли дунё, аҳли ғафлат, ҳатто аҳли залолат ва аҳли нифоқ рақобатсиз иттифоқ қилади-ю, аҳли ҳақ ва аҳли вифоқ бўлган асҳоби диёнат, аҳли илм ва аҳли тариқат нима учун рақобатли ихтилоф қилмоқда? Иттифоқ бирлашиб яшаётганларнинг ҳаққи бўлишига қарамай ва ажралиш иккиюзламачиларга хос экан, нима учун бу ҳақ у томонга ва ҳақсизлик бу ерга ўтди? Жавоб: Бу аламли, фожиали ва ҳамиятли мўминларни йиғлатадиган мудҳиш ҳодисанинг жуда кўп сабабларидан еттитасини баён қиламиз.
Аҳли ҳақнинг ихтилофи ҳақиқатсизликдан келиб чиқмагани каби, ғафлатдагиларнинг бирлашиши ҳам ҳақиқатга таянганидан юзага келмайди. Дунё, сиёсат ва мактаб аҳли каби ижтимоий ҳаётнинг табақаларига доир муайян вазифа билан ва махсус хизмат билан машғул тоифаларнинг, жамоатларнинг ва жамиятларнинг вазифалари тайин қилиниб ажралган. Ўша вазифалар эвазига оладиган тирикчилик учун моддий ҳақ, мансабсеварлик ва шону шараф нуқтасида одамларнинг эътиборидан оладиган маънавий ҳақлари тайинланган, айрилган. Бир-бирига азият бериш, тортишмоқ ва рақобатни келтириб чиқарадиган даражада иштирок йўқ. Шунинг учун, қанчалик ёмон йўлда юрсалар ҳам, бир-бирлари билан бирлашади. Аммо дин аҳли, илм асҳоби ва тариқат арбоби эса, хар бирининг вазифаси умумга қарагани каби, олдиндан бериладиган ҳақлари ҳам аниқ ва махсус қилинмаган. Хар бирининг ижтимоий мақомда ва одамларнинг эътиборида ва чиройли қабул қилинишдаги ҳиссаси махсус қилиб ажратилмаган. Битта мақомга кўплар номзод бўлади. Моддий ва маънавий хар бир ажрга кўп қўллар чўзилиши мумкин. Шу нуқтадан бир-бирига азият бериш ва рақобат пайдо бўлиб, келишувни нифоққа, иттифоқни ихтилофга айлантиради. Бу мудҳиш касалликнинг малҳами, дориси ихлосдир. Яъни, ҳақпарастликни нафспарастликдан устун қўйиш орқали, Ҳақнинг хурматини нафс ва худбинлик устидан ғолиб келиш билан اِنْ اَجْرِىَ اِلَّا عَلَى اللّٰهِ сиррига сазовор бўлиб, одамлардан келадиган моддий ва маънавий ажрдан эхтиёжсиз ҳолда وَ يُؤْثِرُونَ عَلٰى اَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ сиррига сазовор бўлиш орқали, бу мудҳиш таҳликадан қутулиб ихлосни қозона олади. وَمَا عَلَى الرَّسُولِ اِلَّا الْبَلَاغُ сиррига сазовор бўлиб, яхши қабул қилиш ва яхши таъсир қилиш ва одамлар эътиборини қозониш Жаноби Ҳақнинг вазифаси ва эҳсони эканини ҳамда ўз вазифаси бўлган таблиғга кирмаслигини ва керак бўлмаганини ва у вазифа унга тегишли эмаслигини билиш орқали ихлосга муваффақ бўлади. Акс ҳолда ихлосни қочиради.
Залолатдаги кимсалар хорлигидан бирлашади ва аҳли ҳидоят иззатидан ихтилоф қилади. Яъни, ғафлатдаги кимласалар ҳисобланган аҳли дунё ва аҳли залолат, ҳақ ва ҳақиқатга таянмаганлари учун, заиф ва хор ҳисобланади. Хор бўлгани учун, бошқалардан куч олишга муҳтождир. Бу эҳтиёждан, бошқа кишининг ёрдам ва иттифоқини маҳкам тутади. Ҳатто тутган йўли залолат бўлса ҳам, яна иттифоқни муҳофаза қилади. Гўё ўша ҳақсизликда ҳақни тутиш, залолатда бир ихлос, динсизликда динсизча мутаассиблик ва бўлинишда бирлашади, муваффақ бўладилар. Чунки самимий ихлос, ёмонликда бўлса ҳам, натижасиз қолмайди. Ҳа, ким ихлос билан нима истаса, Аллоҳ беради. Аммо ҳидоят ва диёнат аҳли ҳамда аҳли илм ва тариқат: Ҳақ ва ҳақиқатга таянгани учун ва хар бири шахсан ҳақ йўлида фақат Раббини ўйлаб, ёрдамига ишонишгани учун, маънан шу йўлдан келадиган иззатга эга бўлади. Заифлик ҳис қилган вақти, инсонларнинг ўрнига Раббига мурожаат қилади, Ундан мадад истайди. Зоҳиран ўз йўлига мухолиф кишига нисбатан ёрдам эҳтиёжини тўлиқ ҳис қилмайди, иттифоққа бўлган эҳтиёжни кўра олмайди. Агар у кишида худбинлик ва манманлик бўлса, ўзини ҳақли ва мухолифини ҳақсиз деб ўйлаб, иттифоқ ва муҳаббат ўрнига, орага ихтилоф ва рақобат киради. Ихлосни қочиради, вазифаси чил-парчин бўлади. Бу мудҳиш сабабнинг даҳшатли натижаларини кўрмасликнинг ягона чораси тўққиз ишдан иборат: 1- Мусбат ҳаракат қилиш. Яъни ўз йўлиининг муҳаббати билан ҳаракат қилиш. Бошқа йўлларга адоват қилмаслик, фикри ва илмига бошқаларни камситиш кирмаслиги, улар билан машғул бўлмаслик. 2- Балки Исломият доираси ичида қайси йўналишда бўлса бўлсин, муҳаббат, қардошлик ва иттифоққа сабаб бўладиган кўп умумий алоқалар борлигини ҳисобга олиб иттифоқ қилиб... 3- Хар бир ҳақли йўл соҳиби бошқаларнинг йўлига қарши чиқмасдан "Йўлим ҳақ ёки яхшироқ", дейишга ҳаққи бор. Аксинча, бошқа бировнинг тутган йўлининг ҳақсизлигини ёки хунуклигига шама қилиб, "Фақат менинг йўлим ҳақ" ёхуд "менинг йўналишим яхши", демайдиган инсоф дастурини ўзига раҳбар қилиш. 4- Ҳақ аҳли билан иттифоқ, тавфиқи Илоҳийнинг сабаби ва диёнатдаги иззатнинг асоси эканини ўйлаш билан... 5- Залолатдагилар ва ҳақсизлик (бир-бирига таяниб) жамоат суратидаги кучли шахси маънавийнинг даҳоси билан ҳужуми даврида, маънавий шахсига қарши, якка ҳолда энг кучли бўлса ҳам қаршилик кўрсатишнинг охири мағлубият эканини англаб етиб, аҳли ҳақ тарафидаги иттифоқ билан маънавий шахс чиқариб, мудҳиш залолатнинг маънавий шахсига қарши ҳаққониятни муҳофаза қилиш. 6- Ҳақни ботилнинг ҳужумидан қутқариш учун... 7- Нафсини ва манманлигини... 8- Хато ўйловчи иззатини... 9- Аҳамиятсиз рақобаткор ҳиссиётини тарк қилиб ихлосни қозонади, вазифасини лойиғидек адо қилади.
Аҳли ҳақнинг ихтилофи, ҳимматсизликдан ва тубанликдан эмас. Ҳамда залолатдагиларнинг бирлашиши, олийҳимматликдан келиб чиқмайди. Балки аҳли ҳидоятнинг ихтилофи, олийҳимматликнинг суиистеъмолидан ва аҳли залолатнинг иттифоқи, ҳимматсизликдан келган заифлик ва ожизликдандир. Аҳли ҳидоятни олийҳимматликдан суиистеъмолга, бу орқали ихтилофга ва рақобатга чорлаган, охират нуқтаи назарида мақталган хислат саналган савоб хирси ва охиратга оид вазифада қаноатсизлик жиҳатидан келиб чиқади. Яъни: "Бу савобни мен қозонай, бу инсонларга мен тўғри йўлни кўрсатай, менинг сўзимни тингласинлар", деб олдидаги ҳақиқий қардоши, ҳақиқатдан муҳаббат ва ёрдамига, самимий дўстлигига ва ёрдамига муҳтож кишига нисбатан рақобат қилар вазият олади. Манманлиги "Шогирдларим нима учун унинг ёнига кетишяпти? Нима учун уникичалик шогирдларим йўқ?" деган жойдан фурсат топиб, хунук хислат бўлган мансабсеварликка майл уйғотади, ихлосни қочиради, риё эшигини очади. Бу хато ва яранинг, бу мудҳиш руҳий касалликнинг дориси шуки: Жаноби Ҳақнинг розилиги ихлос билан қозонилади. Эргашувчиларнинг кўплиги ёки хар ишида муваффақият қозониш билан эмас. Чунки улар Илоҳий вазифага оид бўлгани учун истанилмайди, балки баъзан берилади. Ҳа, баъзан бир сўз нажот топишга асос ва Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Миқдорга унчалик ҳам аҳамият берилмаслиги керак. Чунки баъзан битта одамнинг тўғри йўлга қайтиши, мингта одамнинг тўғри йўлга қайтишичалик Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Ихлос ва фақат ҳақ томонда туриш эса, мусулмонларнинг қаердан ва кимдан бўлса бўлсин, фойдаланишларига тарафдор бўлишдир. Бўлмаса, "Мендан дарс олиб савоб қозонтирсинлар" тушунчаси, нафснинг ва манманликнинг ҳийласидир. Эй савобга ҳирсли ва охират ишларига қаноатсиз инсон! Баъзи пайғамбарлар келганки, саноқли бир неча кишидан бошқа эргашувчилари бўлмаса ҳам муқаддас пайғамбарлик вазифасининг чексиз ажрини олганлар. Демак, маҳорат – эргашувчларнинг кўплигида эмас, балки Аллоҳнинг розилигини қозониш орқали бўлади. Сен кимсанки, ҳирс билан "Ҳамма менга қулоқ солсин", деб вазифангни унутиб, Аллоҳнинг ишига аралашяпсан? Қабул қилдириш, атрофингга халқни тўплаш Жаноби Ҳақнинг вазифасидир. Вазифангни қил, Аллоҳнинг вазифасига аралашма. Яна, ҳақ ва ҳақиқатни эшитган ва айтганга савоб қозонтирганлар фақат инсонлар эмас. Коинотни Жаноби Ҳақнинг онгли махлуқлари, руҳоний борлиқлари ва фаришталари тўлдирган, хар тарафни қувонтирган. Модомики кўп савоб истар экансан, ихлосни асос тут ва фақат Аллоҳнинг розилигини ўйла. Токи оғзингдан чиққан ҳаводаги муборак сўзлар ихлос билан ва самимий ният билан тирилсин, жонлансин, чексиз онгли махлуқларнинг қулоқларига кириб, уларни нурлантирсин, сенга ҳам савоб қозонтирсин. Масалан, сен "Алҳамдулиллоҳ" дединг. Миллионлаб катта-кичик "Алҳамдулиллоҳ" калималари ҳавода Аллоҳнинг изни билан ёзилади. Наққоши Ҳакийм беҳуда ва исроф қилмагани учун, жуда кўп муборак калималарни тинглайдиган чексиз қулоқларни яратади. Агар ихлос билан, самимий ният билан ҳаводаги калималар жонланса, лаззатли мевалар каби руҳоний борлиқларнинг қулоғига киради. Агар Аллоҳнинг розилиги ва ихлос ҳаводаги сўзларга ҳаёт бермаса, тингланилмайди. Савоб ҳам фақат оғиздаги калима билан чегараланиб қолади. Овозлари унча чиройли бўлмагани учун тинглаганларнинг камлигидан сиқилган қориларнинг қулоқлари жарангласин!..
Аҳли ҳидоятнинг рақобатли ихтилофи, оқибатни ўйламаслик ва калтафаҳмликдан бўлмагани каби, залолатдагиларнинг самимий иттифоқи, оқибатни билиш ва узоқни ўйлаб иш тутишларидан эмас. Балки аҳли ҳидоят ҳақ ва ҳақиқатнинг таъсири билан, нафснинг кўр ҳиссиётига берилмасдан, қалб ва ақлнинг келажакни ўйлаб, истиқомат ва ихлосни муҳофаза қила олмагани учун, юксак мақомни муҳофаза қила олмасдан, ихтилофга тушадилар. Залолатдагилар эса, нафс ва ҳаваснинг таъсирида, кўр ва оқибатни кўрмаган ва бир дирҳам нақд лаззатни бир ботмон келажакдаги лаззатдан устун қўйган ҳиссиётга эргашиб, бир-бирига самимий, нақд манфаат ва тайёр лаззат учун қаттиқ бирлашади. Ҳа, дунёвий ва тайёр лаззат ва манфаат атрофида тубан, қалбсиз ва нафспарастлар самимий иттифоқ қилиб бирлашади. Аҳли ҳидоят, охиратга оид ва келажакка тааллуқли охират меваларига ва камолотга, қалб ва ақлнинг юксак дастурлари билан юзланганлари учун, асосли истиқомат ва чинакам ихлос ва ғоят фидокор бирлашиш ва иттифоқ бўлиши мумкин бўлсада, манманликдан воз кеча олишмагани учун, ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафрит (керагидек эътибор бермаслик) сабабли, юксак қувват манбаи бўлган иттифоқни йўқотади, ихлос ҳам синади. Ва охиратга оид вазифа ҳам зиён кўради. Аллоҳнинг розилиги ҳам осонликча қўлга киритилмайди. Бу жиддий касалликнинг малҳами ва дориси, "Ал-ҳуббу филлоҳ" сирри билан, ҳақ йўлидагилар ҳамроҳ бўлганидан фахрланиш ва орқаларидан кетиш, ва имомлик шарафини уларга қолдириш ва Ҳақ йўлида ким бўлса бўлсин, ўзидан ҳам яхши деган эҳтимоли билан, манманлигидан воз кечиб, ихлосни қозониш ва ихлос билан бир дирҳам амал, ихлоссиз ботмонлар амаллардан устун эканини билиб, ва эргашишни ҳам жавобгарликка сабаб бўладиган ва хатарли йўлбошчиликдан устун қўйиб, касалликдан қутулади ва ихлосни қозонади, охиратга оид вазифасини айтилганидек адо қила олади.
Аҳли ҳидоятнинг ихтилофи ва иттифоқ қилмаслиги заифликларидан бўлмагани каби, аҳли залолатнинг кучли иттифоқи ҳам кучлилигидан эмас. Балки аҳли ҳидоятнинг иттифоқсизлиги, комил иймондан келган таянч нуқтаси ва таянч нуқтадан чиққан қувватдан келиб чиққани каби, ғафлат ва залолатдагиларнинг бирлашиши қалбан таянч нуқта топмаганидан, заифлик ва ожизликларидан келиб чиққан. Чунки заифлар иттифоққа муҳтож бўлгани учун, кучли иттифоқ қилади. Кучлилар эҳтиёжни тўлиқ ҳис қилмагани учун иттифоқлари заифдир. Арслонлар тулкилар каби иттифоққа муҳтож бўлмагани учун, якка яшайди. Ёввойи эчкилар, бўрилардан ҳимояланиш учун, пода ташкил қилади. Демак, заифларнинг жамияти ва маънавий шахси кучли бўлгани каби, кучлиларнинг жамияти ва маънавий шахси ҳам заифдир. Бу сирга нозик ишора ва зариф Қуръоний бир нуқтада, марҳамат қилинган وَ قَالَ نِسْوَةٌ فِى الْمَدٖينَةِ аёлларнинг жамоатига, иккиталик аёл бўлсада, эркак (музаккар) феъли бўлган قَالَ дейиши, ва قَالَتِ اْلاَعْرَابُ дейиш билан эркакларнинг жамоатига аёл (муаннас) феъли قَالَتْ таъбири билан, латиф ишора қиладики: Заиф, ҳалим ва юмшоқ аёлларнинг жамияти қувват топади, қаттиқлик ва шиддат касб этиб, бир навъ эркаклик қозонади. Эркаклик феълини тақозо қилганидан وَقَالَ نِسْوَةٌ таъбири билан, ғоят чиройли бўлган. Кучли эркаклар эса, хусусан бадавий араб бўлса, кучига ишонганлари учун, жамияти заиф бўлиб, ҳам эҳтиёткорлик, ҳам юмшоқ бўлиши ва бир нави аёллик хусусиятини олгани учун, аёл феълини тақозо қилгани учун قَالَتِ اْلاَعْرَابُ аёл феъли билан таъбир қилиниши жуда ўринли бўлган. Ҳақ йўлдагилар ғоят кучли бир таянч нуқтаси бўлган Аллоҳга иймондан келган таваккал ва таслим билан, бошқаларга эҳтиёжини билдириб, кўмак ва ёрдамларини истамайди. Истаса ҳам, ғоят фидокорлик билан маҳкам тутмайди. Аҳли дунё, дунё ишларида ҳақиқий таянч нуқтасида ғафлатда қолганлари учун, заифлик ва ожизликка тушиб, ёрдамчиларга қаттиқ эҳтиёжини ҳис қилади. Самимий тарзда, балки фидокорлик билан бирлашишади. Аҳли ҳақ иттифоқдаги ҳақ қувватини ўйламагани ва изламагани учун, ҳақсиз ва зарарли натижаси сифатида ихтилоф қилишади. Ҳақсиз залолатдагилар эса, бирлашишдаги кучни ожизликлари воситаси билан ҳис қилгани учун, катта мақсадларга эриштириш воситаси бўлган иттифоқни қўлга киритишган. Аҳли ҳақнинг бу ҳақсиз ихтилоф касаллигининг малҳами ва дориси: وَلَا تَنَازَعُوا فَتَفْشَلُوا وَتَذْهَبَ رٖيحُكُمْ оятидаги шиддатли наҳйи Илоҳий, وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوٰى оятида ижтимоий ҳаёт жиҳатидан ўта ҳикматли Илоҳий амрни ҳаракат дастури қилиш, ихтилофнинг Исломиятда қай даражада зарарли эканини ва залолатдагиларнинг аҳли ҳақ устидан ғалабасини қай даражада осонлаштирганини ўйлаб, мукаммал заифлик ва ожизлик билан, ўша аҳли ҳақнинг жамоатига фидокорлик билан, самимий тарзда қўшилиш ва шахсиятини унутиш орқали риё ва сохтакорликдан қутулиб, ихлосни қўлга киритишдир.
Аҳли ҳақнинг ихтилофи номардлигидан, ҳимматсизлигидан, ҳамиятсизлигидан бўлмагани каби, ғафлатли аҳли дунёнинг ва аҳли залолатнинг дунёга оид ишларда самимий иттифоқлари ҳам мардликдан, ҳамиятдан, ҳимматдан келиб чиқмайди. Балки аҳли ҳақнинг асосан охиратга оид фойдаларни ўйлаб, аҳамиятли ва кўплаб масалаларга ҳамияти, ҳиммати, мардлиги бўлинади. Ҳақиқий сармоя бўлган ўз вақтини бир масалага сарф этмагани учун, ҳамроҳлари билан иттифоқи мустаҳкамланмайди. Чунки масалалар кўп, доира ҳам кенг. Ғафлатли аҳли дунё эса, фақат дунёвий ҳаётни ўйлагани учун, барча туйғулари билан ҳамда руҳ ва қалби билан дунёвий ҳаётга оид масалаларга қаттиқ ёпишади. Ўша масалада унга ёрдам берган кишини маҳкам тутади. Ҳақиқат нуқтаи назарида беш тийинга арзимаган ва аҳли ҳақ унга ўн тийинлик қиймат бермаган масалаларга, девона олмосчи бир яҳудийнинг беш тийинлик шиша бўлагига беш лира нарх берганига ўҳшаб беш юз лира қийматидаги вақтини ўша масалага ажратади. Албатта, бу қадар нарх бериб, қаттиқ туйғулар билан тутиш, ботил йўлда бўлса ҳам, самимий ихлос бўлгани учун, ўша масалада муваффақ бўлади ва аҳли ҳақ устидан ғалаба қозонади. Бу ғалаба натижасида аҳли ҳақ хорликка, маҳкумликка, сохтакорликка ва риёга тушиб, ихлосни йўқотади. Ўша номард, ҳимматсиз, ҳамиятсиз бир қисм аҳли дунёга тилёғламачилик қилишга мажбур бўлади. Эй аҳли ҳақ! Эй ҳақпараст аҳли шариат, аҳли ҳақиқат ва аҳли тариқат! Бу мудҳиш ихтилоф касаллигига қарши бир-бирингизнинг камчилигини кўрмасдан, бошқа бировингизнинг айбига кўзингизни юминглар! Фурқоний وَاِذَا مَرُّوا بِاللَّغْوِ مَرُّوا كِرَامًا адаби билан адабланинглар! Ташқи душманнинг ҳужумида ички тотришувларни тарк қилиш ва аҳли ҳақни тубанлашишдан ва хорликдан қутқаришини охиратга оид энг биринчи ва энг муҳим вазифа деб билиб, юзлаб оят ва Пайғамбаримиз ҳадисларининг қаттиқ амр қилган қардошликни, муҳаббатни ва ўзаро ёрдамлашишни татбиқ қилиб, барча туйғуларингиз билан аҳли дунёдан ҳам қаттиқроқ ҳамроҳларингиз ва диндошларингиз билан иттифоқ қилинлар, яъни ихтилофга тушманглар. Кичик масалалар учун қийматдор вақтимни сарф қилишдан кўра, жуда қийматли вақтимни зикр ва фикр каби қийматдор нарсаларга сарф қиламан деб чекиниб, иттифоқни заифлаштирманглар. Чунки маънавий жиҳодда кичик масала деб ўйлаган нарсангиз, жуда катта бўлиши мумкин. Бир аскарнинг бир соат муҳим ва махсус шароитдаги навбатчилиги баъзан бир йил ибодат ҳисобига ўтгани каби, аҳли ҳақнинг мағлубияти вақтида, маънавий кураш масалаларида, кичик масалага сарф қилинган сенинг қийматдор бир кунинг, аскарнинг ўша соати каби минг даража қиймат олиши, бир кунинг минг кун бўлиши мумкин. Модомики Аллоҳ учун экан, ишнинг катта-кичигига, қийматли ва қийматсизлигига қаралмайди. Ихлос ва Аллоҳнинг розилиги йўлида зарра, юлдуз каби бўлади. Воситанинг моҳиятига қаралмайди, натижасига қаралади. Модомики натижаси Аллоҳнинг розилиги ва асоси ихлос экан у кичик эмас, каттадир.
Аҳли ҳақ ва ҳақиқатнинг ихтилоф ва рақобатлари, ҳасадгўйликдан ва дунёга ҳирсдан келиб чиқмагани каби, аҳли дунё билан аҳли ғафлатнинг иттифоқлари ҳам мардликдан ва олийжанобликдан эмас. Балки аҳли ҳақиқат ҳақиқатдан келган олийжаноблик, олийҳимматлик ва ҳақ йўлда мақталган мусобақани тўлиқ муҳофаза қила олмаган ва мутахассис бўлмаган кишиларнинг ишга кириши сабабли бир даража суиистеъмол қилгани, рақобатли ихтилофга тушиб, ҳам ўзига, ҳам Ислом жамоатига улкан зарар бўлган. Аҳли ғафлат ва аҳли залолат эса, мафтун бўлган манфаатларини йўқотмаслик ва манфаат учун ибодат қилиш даражасида севган раисларини ва биродарларини ранжитмаслик учун, хорликларидан ва номардликларидан, ҳамиятсизликларидан, мутлоқ биродарлари билан, ҳатто пасткаш, хоин ва зарарли бўлишса ҳам, холис бирлашиб... қай шаклда бўлса бўлсин манфаат атрофида тўпланган шериклари билан самимий иттифоқ қиладилар. Самимият натижаси сифатида фойдаланадилар. Эй мусибат ва ихтилофга тушган ҳақ аҳли ва ҳақиқат асҳоби! Ушбу мусибат даврида ихлосни қочирганингиз ва фақатгина Аллоҳнинг розилигини асл мақсад қилмаганингиз учун аҳли ҳақнинг хор ва мағлуб бўлишига сабаб бўлдингиз. Дин ва охиратга оид ишларда рақобат, суқланиш, ҳасад ва қизғаниш бўлмаслиги керак ва ҳақиқат нуқтаи назарида бўла олмайди. Чунки қизғаниш ва ҳасаднинг сабаби, битта нарсага кўп қўллар узангани ва битта мақомга кўп кўзлар тикилгани ва бир нонни кўп меъдалар истагани учун бир-бирига заҳмат бериш, тортишиш, мусобақалашиш сабабли суқланади, кейин қизғанишади. Дунёда битта нарсага кўплар толиб бўлгани учун ҳамда дунё тор ва вақтинчалик бўгани сабабли инсоннинг чексиз орзуларини қондира олмагани учун, рақобатга тушадилар. Лекин охиратда битта одамга беш юз йил масофалик Жаннат эҳсон қилиниши ва етмиш минг қаср ва ҳурийлар берилиши, Жаннат аҳлидан ҳарким ўз ҳиссасидан тўлиқ розилик билан мамнун бўлиши ишораси кўрсатадики, охиратда рақобат қилишга ҳеч қандай сабаб йўқ ва рақобат ҳам бўлмайди. Шундай экан, охиратга оид солиҳ амалларда ҳам рақобат бўлмайди, қизғанидиган жойи йўқ. Қизғанган одам ё риёкордир, солиҳ амаллар билан дунёвий натижаларни қидиради, ёхуд содиқ жоҳил бўлиб, солиҳ амаллар қаерга қараганини билмайди ва солиҳ амалларнинг руҳи, асоси ихлос эканини идрок қилмайди. Рақобат суратида авлиёуллоҳга нисбатан бир нав адоват билан, Аллоҳнинг кенг раҳматига туҳмат қилади. Бу ҳақиқатни қувватлантирган бир воқеа: Эски биродарларимиздан бир кишининг бир одамга адовати бор эди. У одамнинг ёнида мақтаб, унинг душманини солиҳ амал билан, ҳатто валийлик билан таъриф қилинди. У одам қизғанмади, сиқилмади. Сўнг унга: "Сенинг душманинг жасур, кучли", дейишди. Қарасак, у одамда қаттиқ қизғаниш ва рақобат ҳисси уйғонди. Унга: "Валийлик ва солиҳлик чексиз абадий ҳаётнинг олмоси каби қувват ва юксакликдир. Сиз унга бу жиҳатдан қизғанмадингиз. Дунёвий куч ҳўкизда ва жасорат жониворда ҳам бўлиш билан бирга, валийлик ва солиҳликка нисбатан, оддий шиша бўлагининг олмосга нисбати кабидир", дедик. У одам айтдики: "Бу дунёда бир нуқтага, бир мақомга икковимиз кўзимизни тикканмиз. У ерга чиқиш учун зиналаримиз куч ва жасорат каби нарсалардир. Шунинг учун қизғандим. Охират мақомлари чексиздир. У бу ерда менинг душманим бўлса ҳам у ерда менинг самимий ва севикли қардошим бўлиши мумкин." Эй ҳақиқат ва тариқат аҳли! Ҳаққа хизмат, улкан ва оғир хазинани ташиш ва муҳофаза қилиш кабидир. У хазинани елкасида ташиганларга қанчалик кучли қўллар ёрдамга келса, шунча кўп севинадилар, мамнун бўладилар. Қизғаниш у ёқда турсин, ғоят самимий муҳаббат билан келганларнинг улардан кўпроқ кучларини, кучли таъсирларини ва ёрдамларини фахр билан олқишлаш керак. Лекин нима учундир ҳақиқий қардошларга ва фидокор ёрдамчиларга рақобат билан қаралмоқда ва бу ҳол билан ихлос қочмоқда. Вазифангизда туҳматга қолиб, аҳли залолатнинг назарида сиздан ва сизнинг йўлингиздан юз даража паст бўлган, дин билан дунё қозониш ва ҳақиқат илми билан тирикчиликни таъминлаш, тама ва ҳирс учун рақобат қилиш каби мудҳиш айбловларга қолмоқдасиз. Бу касалликнинг ягона чораси: Нафсини айблаш ва нафсига эмас, доимо нариги ҳамроҳига тарафдор бўлиш. Одоб фани ва Мунозара илмининг олимлари ораларидаги ҳақпарастлик ва инсоф дастурлари шундай бўлган, "Агар бир масалани мунозара қилишда ўз сўзининг ҳақли чиқишига тарафдор ва ҳақ бўлиб чиққанида севинса, рақибининг ҳақсиз ва хато қилганига мамнун бўлса, инсофсиздир." Ҳам зарар кўради. Чунки ҳақли чиқса, мунозарада билмаган нарсасини ўрганмайди, балки ғурур эҳтимоли билан зарар кўриши мумкин. Агар ҳақ, рақибининг қўлида чиқса, зарарсиз. Билмаган масалани ўрганиб, манфаатдор бўлади, нафснинг ғуруридан қутулади. Демак, инсофли ҳақпараст, ҳақ учун нафсни синдиради. Рақибининг қўлида ҳақни кўрса, рози бўлиб қабул қилади, тарафдор бўлиб, севинади. Бу дастурни аҳли дин, аҳли ҳақиқат, аҳли тариқат ва аҳли илм ўзларига раҳбар қилишса, ихлосни қозонади. Ва охиратга оид вазифаларида муваффақ бўладилар. Бу фожиали қулаш ва ҳозирги мусибатдан Аллоҳнинг раҳмати билан қутуладилар. سُب۟حَانَكَ لَا عِل۟مَ لَنَٓا اِلَّا مَا عَلَّم۟تَنَٓا اِنَّكَ اَن۟تَ ال۟عَلٖيمُ ال۟حَكٖيمُ

